ННТлар фаоллигини ошириш – давр талаби
Жондор туманида Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашда ННТларнинг ўрни мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармонининг мазмун-моҳияти тарғиб қилинди. Тараққиёт стратегияси бунёдкор халқимиз ва кенг жамоатлик томонидан қизғин кутиб олинганлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилаётган мазкур стратегияда мамлакатимизда кейинги 5 йилда амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб берилган. Ушбу муҳим ҳужжат юртдошларимиз томонидан билдирилган кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар билан тўлдирилганлиги эътиборга молик.

Давра суҳбатида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтириш, ажратилаётган грант маблағларини таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, коммунал хўжалиги соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий буюртмаларга йўналтириш, бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам изчил олиб борилиши қайд этилди.
Тадбирда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик комиссиясининг қарорига асосан 2- ва 3-грант танловларининг йўналишлари ҳамда мавзулари тасдиқланганлиги таъкидланди. Комиссия қарорига кўра, “Маҳаллаларда аҳоли билан олиб бориладиган ишларда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида 2-танлов ҳамда “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзусида 3-танлов эълон қилинганлиги айтиб ўтилди. Ҳар бир лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори 60 миллион сўмгача белгиланган.

Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, танловларда иштирок этишдаги фаоллигини ошириш, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари ҳамда давлат гранти очиқ танловларида иштирок этиш талаблари ва лойиҳаларни тақдим қилиш шартлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Тадбирда йиғилганларни қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА