Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодига оид халқаро илмий конференция бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳамкорлигида «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – туркий дунё маънавий ҳаётида» мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.
Анжуман буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий таваллудининг 885 йиллиги ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўтказилди.
Бугунги кунда икки буюк мутафаккирнинг бой адабий меросини чуқур ўрганиш, улар ижодидаги муштарак жиҳатлар ва ўзига хос хусусиятларни қиёсий таҳлил қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимдир. Ушбу анжуман ҳам айни мақсадни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда юртимиз олимлари билан бирга озарбайжонлик олимлар, адабиётшунослар ҳамда давлат арбоблари иштирок этиб, маърузалар қилдилар. Анжуман давомида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодининг Шарқ мумтоз адабиёти тараққиётидаги ўрни, икки мутафаккирнинг адабий-фалсафий қарашлари, инсонпарварлик ғоялари ва бадиий тафаккури, шунингдек, уларнинг ижодий меросидаги уйғун жиҳатлар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Акиф Марифли Низомий Ганжавийнинг бой адабий-фалсафий мероси, унинг Шарқ ва туркий дунё адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталди.

Унинг таъкидлашича, Низомий Ганжавий асос солган юксак адабий анъаналар кейинги асрларда Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий ва Алишер Навоий каби буюк сўз санъаткорлари ижодида муносиб давом эттирилиб, туркий халқларнинг адабий ва маданий мероси янада бойишига хизмат қилган.
Акиф Марифли, шунингдек, мазкур муштарак адабий-маънавий мерос Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини бирлаштириб турувчи азалий дўстлик, яқинлик ва кўп асрлик тарихий-маданий ришталарнинг ёрқин ифодаси эканини алоҳида қайд этди.


У Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизлар ва мустаҳкам қардошлик анъаналарига таянишини таъкидлаб, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг сиёсий иродаси ҳамда муштарак саъй-ҳаракатлари туфайли янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Айни пайтда икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик ва абадий дўстлик руҳида изчил ривожланиб бормоқда.
Халқаро илмий конференция икки буюк мутафаккир ижодини қиёсий ўрганиш, Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, туркий халқларнинг муштарак маънавий қадриятларини кенг тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Анжуман яна бир бор Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий каби буюк сўз санъаткорларининг ижодий мероси халқлар ва авлодларни бирлаштирувчи, маданий мулоқотни бойитувчи бебаҳо маънавий хазина эканини намоён этди.
Н.Усмонова,
ЎзА