Ўзбек киноси янги даврда: Ислоҳотлар, имкониятлар, эркинлик
«Ренессанс» кино уйида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекфильм» киностудиясига ташрифи давомида киноижодкорлар билан учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмасининг конференцияси бўлиб ўтди.
Унда 200 нафарга яқин таниқли актёрлар, режиссёрлар, продюсерлар ва ёш киноижодкор иштирок этди.
Анжуманда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов Президент ташаббуси билан миллий кино соҳасида бошланган ислоҳотлар, янги бошқарув тамойиллари ва олдинда турган устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, бугун миллий кино олдида турган асосий вазифа соҳани замон талабларига мос равишда ривожлантириш, ижодкорлар учун янги имкониятлар яратиш ва ўзбек киноижодкорлигининг рақобатбардошлигини оширишдир.
Шу мақсадда ижодий эркинликни кенгайтириш, давлат буюртмаси тизимидан натижадорликка асосланган субсидиялаш механизмига босқичма-босқич ўтиш, соғлом рақобат ва шаффофликни таъминлаш ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.

Шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, кино ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, миллий фильмларнинг халқаро бозорга чиқишини кенгайтириш ва «Ўзбекфильм»нинг миллий кино бренди сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда Ўзбекистон халқ артисти, уюшма раиси Матёқуб Матчонов ҳам сўзга чиқди. У Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатасининг ташкил этилгани, унинг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек, киноижодкорлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Тадбир давомида палата фаолиятини самарали йўлга қўйиш, киноижодкорлар ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган масалаларга ечим топиш юзасидан фикр алмашилди.
Аслида, миллий кинонинг ривожи фақат янги фильмлар суратга олиш билан ўлчанмайди. Бунинг учун ижодкорга эркинлик, лойиҳаларга муносиб шароит, соҳага эса аниқ ва шаффоф тизим керак. Ислоҳотларнинг самараси ҳам, энг аввало, ана шу имкониятларнинг амалда қанчалик ишлаши билан намоён бўлади.

Конференцияда билдирилган фикр ва таклифлар ҳам шу мақсадга қаратилди, яъни Президентимиз белгилаб берган вазифаларни ҳаётий натижаларга айлантириш, миллий кинонинг ижодий ва иқтисодий салоҳиятини ошириш, ўзбек фильмларининг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига замин яратиш.
Зеро, миллий кино халқнинг тарихи, қадриятлари, орзу-интилишлари ва бугунги ҳаётини экранда акс эттирадиган муҳим санъат туридир. Уни янги босқичга олиб чиқиш эса нафақат кино соҳаси вакиллари, балки бутун маданий ҳаётимиз учун аҳамиятли вазифа.
Н.Усмонова,
ЎзА