Нияти холиснинг истаги ижобат бўлади
Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси бўлган Токио олимпиадасининг тарихга айланганига ҳам 10 кундан ошди. Ўзбекистон спорт терма жамоаларида, федерацияларда унинг якунларига бағишланган йиғилишлар ўтказилмоқда. Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар сарҳисоб қилинмоқда. 2024 йили Парижда ўтадиган навбатдаги олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари белгиланмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида ўтказилди. Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан ўтказилган мазкур учрашув-суҳбатда ҳудудларда меҳнат қилаётган бокс мураббийлари ва мутахассислар, шунингдек, терма жамоа спортчилари қатнашди.

Жорий йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев XXXII ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари билан учрашувда мамлакатимиз спорт салоҳиятини юксалтирган спортчиларнинг мардонаворлигини алоҳида таъкидлаганлиги қайд этилиб, шу билан бирга, келгуси мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриш учун спорт мутасаддилари ва мураббийлари олдида турган устувор вазифалар, саралаш мусобақаларини ўтказиш тизимини янада яхшилаш, иқтидорли спортчиларни терма жамоаларга жалб қилиш борасидаги бир қатор ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилди.

Токио бизга қандай сабоқ берди?
Юртимиз боксчиларининг кейинги 5-6 йилликдаги халқаро спорт майдонларидаги иштирокига назар ташласак, ҳақиқатан, “Ўзбек юлбарслари” оддий халқаро турнирдан жаҳон чемпионатигача, қитъа ўйинларидан олимпия баҳсларигача бўлган бирон бир мусобақадан медалсиз қайтишмаганлигига гувоҳ бўласиз. Албатта, ҳар бир медалнинг ортида ўнлаб мураббию мутахассисларнинг тинимсиз меҳнати ва изланиши ётганлиги назарда тутилса, умумий ҳолат ёрқинроқ кўзга ташланади. Юртимиз боксчилари 2019 йили чет давлатларда ўтказилган мусобақаларда 75 та олтин, 37 та кумуш ва 76 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, 2020 йили эпидемиологик вазиятга қарамасдан 50 тадан зиёд умумий медаллар жамланмасига эга чиқишганди.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда яккакураш спорт турларидан биринчилардан бўлиб боксда 2018 йилдан эътиборан барча тоифадаги Ўзбекистон чемпионатлари ҳудудий, минтақавий ва республика босқичида ўтказиш тизимига ўтказила бошланди. Натижада эса ҳозирги кунда ўсмирлар, ёшлар ва катталар терма жамоаларининг ҳар бир вазнида кучлиликка даъвогар бўлган 4-5 нафардан истеъдодли ёшлар етишиб чиқишига эришилди. Айни тажрибани мамлакатимиздаги бошқа спорт турлари бўйича ўтказиладиган биринчилик ва чемпионатларга ҳам жорий этилса, фойдадан холи бўлмайди. Бу, биринчидан, спорт турларига чекка-чекка ҳудудлардаги ёшларни жалб қилишни оширади, иккинчидан, иқтидорли ва кучли спортчиларни саралаш тизимининг самарадорлигини таъминлайди.

Хўш, шундай салоҳиятга эга бўлган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг айрим боксчиларини истисно қилган ҳолда қолган чарм қўлқоп усталаримиз Токио олимпиадасида кўзланган натижага нега эришолмади, деган савол берилиши табиий. Мусобақаларни бевосита кузатиш ва олимпия ўйинларининг бокс баҳсларига ташланган қуръа, кимнинг ким билан рўбарў келиши, бунинг оқибатида қайси бир боксчи финалгача “қулоғидан тортиб” олиб чиқилганлиги Токио рингларида яққолроқ кўринди. АИБА тайинламаган ҳакамларнинг бу “қилиқлари” синчков мутахассисларнинг эътиборидан четда қолмади, назаримизда. Лекин “бир мақсад” йўлида ҳаракат қилган реферилар алалоқибат ўз вазиятларида мақсадларига эришганлиги бор ҳақиқат. Фақат Баҳодир Жалоловгина эътирозу эҳтимолларга ўрин қолдирмади. Сурхоннинг алпомиш йигити Олимп рингида нафақат ўзбек боксчиларининг, бутун бошли адолат қирғоғида бўридан нажот кутган қўзичоқлардек холисликка эришолмаган кўплаб дунё боксчиларининг шаъну шавкатини мардонаворлик билан ҳимоя қила олди. Унинг бу ғалабаси қайсидир маънода Токио рингида адолат ва ҳалолликнинг тантанаси бўлди.

Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган қизғин суҳбатларда ушбу масалаларга қисман жавоб берилди. Етарли хулосалар чиқарилди. Энг муҳими, Токио рингларидаги муросасиз жанглар, ҳакамларнинг айрим ҳолатларни “кўрмай қолиши” бундан кейинги халқаро мусобақаларда, олимпия ўйинларида спортчиларнинг нафақат техник-тактик усулларини такомиллаштириш, уларнинг руҳий қувватини ошириш борасида ҳам зарур чора-тадбирларни амалга ошириш кераклигини ўргатди бизга.
Париж олимпиадасида кимлар қатнашади?
Сўзсиз кучлилар. Яъни барча мусобақаларда биринчи бўлган, халқаро мусобақалар тажрибасини ўзида мужассам этганлар. Бу ҳақда учрашувда сўз юритган тажрибали мураббийлар Қўлдош Тожибоев, Раҳматхон Рўзиохунов, Тўлқин Қиличев, Шароф Худойбердиев, Истам Кабиновлар ҳар бир спортчи Париж олимпиадасига бориши мумкин, у Ҳасанбой Дўсматов бўладими, Фазлиддин Ғойибназаровми ёки ҳали ҳеч ким танимаган, ҳозирда мамлакатимизнинг қайсидир ҳудудида бокс билан шуғулланиб юрган ёш боксчими, марҳамат, Ўзбекистон чемпионатининг саралаш баҳсларида қатнашсин, ютсин, чемпионликка эришсин, терма жамоада ўз салоҳиятини намойиш қилсин, Ўзбекистонга ҳамиша кучли боксчилар керак, деган маънода фикр билдиришди.
Ҳақиқатан, мурабий ва мутахассислар айтганидек, терма жамоа эшиклари кучлиларга ҳамиша очиқ. Шу хусусда сўз юритган Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакент Полатов "Биз учун бу масалада сиз мураббий ва мутахассисларнинг, умуман, барча бокс ишқибозларининг фикри жуда муҳим. Шу мақсадда бокс федерациясида жамоатчилик кенгаши ташкил этилади ", дея таъкидлади.
Ўз набатида, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган Баҳодир Жалолов, Рустам Тўлаганов, Ҳасанбой Дўсматов каби боксчилар ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор қилишди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш, жойларда бокс бўйича селекция ишларини тўғри ташкил этиш, мусобақаларни адолатли олиб бориш хусусида атрофлича сўз юритилди.
“Спортда майда нарсанинг ўзи йўқ”
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 26 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербия пойтахти Белградда бокс бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Учрашув ва давра суҳбатида мазкур нуфузли мусобақага самарали тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Терма жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов бугунги кунгача Белградда ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиши мумкин бўлган терма жамоа аъзоларининг рўйхати тўлиқ шакллантирилганлиги, яқин кунларда бошланадиган ўқув-йиғинлар натижасида асосий таркиб эълон қилинишини билдириб ўтди.
Мураббийларнинг фикрича, ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари, ички чемпионатларда муносиб иштирок этган боксчилар орасидан сараланганлар айнан ушбу жаҳон чемпионати ва келгуси йили Хитойда бўладиган ёзги Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Уларнинг энг саралари эса 2024 йилги Париж олимпиадасида қатнашишга даъвогарлик қилишади.
Суҳбатлар якунида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов олимпия ўйинлари нафақат боксчиларимиз, барча спорт турлари вакиллари учун ҳам катта мактаб бўлганлигини айтиб, "Токио мусобақалари олимпиадага тайёргарликни қайси нуқтадан бошлаб, қайси чизиқда давом эттиришимизгача бўлган йўлларни кўрсатиб берди. Спортда майда нарсанинг ўзи йўқ. Техник-тактик тайёргарликка эътибор қаратиб, тиббий ва психологик масалаларни унутиб қўйиш оғир оқибатларга олиб келишини баҳслар жараёнида кузатдик. Президентимиз айтиб ўтганларидек, Париж олимпиадасига мутлақо бошқача тарзда, бошқача форматда тайёргарлик кўрмоғимиз лозим”, дея иқтибос келтирди.
Халқаро экспертлар “Токио–2020”ни шу пайтгача бўлиб ўтган ўйинлар ичидаги энг кўп ноҳақликлар рўй берган олимпиада сифатида қайд этган. Париж ўйинлари бошланишига 3 йил муддат борлигига қарамасдан унинг атрофидаги гап-сўзлар ҳозирдан болаламоқда. Хусусан, “Париж–2024”га киритилган ва унинг дастуридан олиб ташланган спорт турлари масаласидаги тортишувлар онлайн мулоқотлар ва ёзишмалар “жанги”га айланган, бир қатор давлатлар миллий терма жамоаларининг спортчиларини, мураббийларини истъфога чиқарган ва қайсидир мураббий ва спортчилар олимпия ўйинларида иштирок этишдан воз кечаётган бир пайтда Ўзбекистон спортчилари кўҳна қитъада ўтадиган ўйинларга ҳозирликни собитқадамлик билан ҳамжиҳатликда бошламоқда.
Нияти холиснинг истаги ижобат бўлади, деганларидек, Янги Ўзбекистоннинг оловқалб ёшлари Токиодаги ноҳақликларга Париж ўйинларидаги шиддати билан жавоб беради,деб ишонч билдирамиз. Бунинг учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли. Муҳими, давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратилган. Кейинги 3 йиллик спорт довонида эса Ватан шуҳратига шуҳрат қўшадиган спортчиларимизни “қайноқ”, бир-биридан-да шиддатли ва мураккаб спорт мусобақалари кутиб турибди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА