Ниҳол экиб, боғ яратаётганлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Кармана тумани Уйрот маҳалласида жойлашган “Саидбобо Кенжаев” фермер хўжалиги майдонларида парваришланаётган мевали ва манзарали кўчатлар туманда барпо этилаётган мўъжаз боғлар, маҳалла гузарлари ва кўчаларга ўзига хос кўрк бағишламоқда.
Хўжалик раҳбари Элмурод Кенжаевга боғдорчилик ва деҳқончилик касби аждодларидан мерос бўлиб қолган. Айни пайтда хўжаликда 9,5 гектар майдонда турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Айниқса, арчанинг сосна, можжевельник каби турлари ҳамда турфа гул ниҳоллари харидоргир.
[gallery-27269]
— Ниҳол етиштиришнинг ҳам ўзига хос сир-синоати бор, - дейди хўжалик раҳбари Элмурод Кенжаев. — Ўтган йили 300 минг дона ниҳол етиштирдик. Йиллик даромадимиз ҳам шунга яраша бўлди. Меҳнатимиз туфайли рўзғоримиз обод, турмушимиз фаровон. Шунингдек, 15 сотихдан иборат иссиқхона ҳам ташкил этганмиз. Унда йилига икки марта ҳосил оламиз. Баҳорда гул ниҳоллари, куз-қиш мавсумида эса турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари парваришланади. Хуллас, аниқ режа асосида меҳнат қилинса, унинг самараси албатта кўринади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА