Нигерда икки автобус тўқнашди
Нигер ғарбидаги Маради – Мадауа автомобиль йўлида, шаҳар чегарасидан тахминан 55 километр масофада икки йўловчи автобус тўқнашиб кетиши натижасида мудҳиш ҳодиса содир бўлди.
Синьхуа ва Нигер матбуот агентлиги (ANP) хабарига кўра, камида 21 киши воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган, 37 йўловчи турли даражада тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Манбалар қайд этишича, бир автобусда ҳарбий хизматчилар бўлган.
Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фожиа сабабини аниқлаш мақсадида суриштирув ва тергов ҳаракати олиб бориляпти. Ушбу нохуш воқеа ҳукумат йўлларда хавфсизлик қоидасини тарғиб қилиш ва фожианинг олдини олиш бўйича кенг қамровли кампанияни кучайтирган бир пайтда юз берди. Нигерда тезликни меъёрдан ошириш, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, шунингдек йўл инфратузилмаси ва техника носозлиги йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий омиллари сифатида кўрсатилмоқда.
Мамлакат Йўл ҳаракати хавфсизлиги агентлиги ҳисоботида келтирилишича, биргина 2025 йилнинг ўзида Нигерда 7 100 дан кўп авария қайд этилиб, 1 200 дан зиёд инсон ҳалок бўлган, 4 400 фуқаро оғир жароҳатланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА