АҚШ хориждаги қатор дипломатик ваколатхоналарини ёпмоқчи
“The Guardian” нашри хабар беришича, АҚШ Давлат департаменти Осиё, Африка, Шимолий Америка ва Кариб ҳавзаси минтақаларида жойлашган беш консуллик ҳамда ваколатхонани ёпмоқчи.
Вашингтон бу қадамни бюджет сарфини қисқартириш истиқболи ва Президент Дональд Трамп ҳокимиятга қайтгандан кейин ташқи сиёсат йўналишларини қайта кўриб чиқиши шароитида амалга оширмоқда. Конгрессга юборилган хабарномага кўра, Нагоя (Япония), Медан (Индонезия), Дуала (Камерун), Виннипег (Канада) ва Сент-Жоржес (Гренада) шаҳарларидаги консуллик ва миссиялар тугатилиши режалаштирилган. Давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида олиб борилаётган ушбу қисқартириш доирасида аввал Давлат департаментининг 1300 дан зиёд ходими, жумладан дипломатлар, давлат хизматчилари ишдан бўшатилган эди.
Америка ташқи хизмат ассоциацияси маълумотига кўра, ҳозир АҚШнинг дунё бўйича 195 элчилиси ўрни, жумладан Германия, Миср, Саудия Арабистони каби кучли мамлакатлардаги раҳбарлик лавозими ҳануз бўш. Сиёсий рақиблар ва Демократлар мазкур қарорни кескин танқид қилиб, юзага келган бундай дипломатик бўшлиқ дунё бўйлаб Хитойнинг таъсири ва позицияси кучайишига замин яратишидан хавотир билдирмоқда. Шу билан бирга Оқ уй Бюджет бошқармаси келгусида 30 тагача хорижий миссия ёпилишини кўзда тутувчи янада кенгроқ дастурни илгари сурмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА