Нега психологларга эҳтиёж ошиб бормоқда?(+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси, оила ва болалар психологи Шоира Исоқова иштирокида “Бугунги психологлар нималарни тарғиб қиляпти?” мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.
Кузатувчилар томонидан берилган саволларга эксперт жавоб берди. Мазкур чатни Youtube канали орқали видео шаклда кўришингиз мумкин.
— Нега психологларга эҳтиёж ошиб бормоқда? Бу замон талабими ёки психология ютуғими?
— Бугун психологга ошиб бораётган эҳтиёжнинг сабаби битта – ҳамма яхши яшашни истайди. Одамлар биринчи бўлишни, илгарилашни, ўзини англашни хоҳлайдиган даврга келдик. Бу жараёнга карантиндан кейинги ҳолатлар ҳам сабаб бўлди. Аёлларимизнинг кўплари уйда ўтириб қолди, муаммолар гирдобига тушиб, гўёки уларнинг ечими топилмайдигандек туюлди. Айниқса, фарзанд тарбиясида билимсиз эканликларини ҳис қилишди. Карантин ҳаммамизни уйда ўтиришга мажбур қилганидан кейин низолар, муаммолар, стресслар кўпайгани туфайли психологларга эҳтиёж ортди.
Илгари икки қўшни бир-бири билан гаплашиб, дардлашиб, фарзандларидаги, эр-хотин ўртасидаги муаммоларини ечиб олишган. Ҳозир ҳамма ўз “арава”сини судраш билан банд. Ҳаттоки яқинлар ҳам бир-бирини эшитмайдиган даврга келдик. Эрталаб ишга чиқиб кетиб, кечқурун қайтамиз, яъни ўзимиздан ортмай қолдик. Бу жараёнда, албатта психологга эҳтиёж пайдо бўлади. Илмсизлик, китоб ўқимаслик, давр талабига мослаша олмаслик кўп ҳолатларда аёлларимизни тушкунликка тушириб қўйди. Ўзларини худди боши берк кўчага кириб кетаётгандек ҳис қиладиган бўлишди. Чўкаётган одам хасга ёпишади, деб бежиз айтишмаган. Мана шундай ҳолатдаги аёллар ичларидаги эҳтиёжларнинг жавобини берадиган манба қидириб, ижтимоий тармоқлардаги психологларнинг чиқишларини кузатишади.
— Бугунги кунда юртимизда қанча психолог бор?
— Агар мактаб ва олий таълимни қўшадиган бўлсак, 20 мингга яқин психолог бор. Лекин кейинги 2-3 йил оралиғида олий таълим муассасалари тайёрлаб бераётган психологлар сонини кўрадиган бўлсак, 25 минг нафарга етган.
Психолог авваламбор олий маълумотли мутахассис, яъни у бирор олийгоҳнинг психология факультетини битирган, камида бакалавр ёки магистр бўлиши керак. У яхши устоздан таълим олиб, ҳам назарий билимларни, ҳам амалиётни уйғунлаштирган ҳолда омма билан ёки якка тартибда ишлайдиган мутахассис ҳисобланади.
Биз бугунги кунда малакали, билим ва тажрибага эга мутахассисларнинг кўпайиши тарафдоримиз. Бир ой ёки олти ой ўқиб, ўзидан псевдопсихолог ясаб олганларни, психологияни ўқимаган, олий таълим даргоҳига қадам қўймаган, берилиб ўқиш мумкин бўлган катта бир соҳани ўзлаштирмаган, “сохта” психологлар, десак, бўлади. Чунки биз ҳам олий таълимда ўқиб юрган кезларимиз жуда кўп китоб ўқиганмиз. Шахс психологияси, шахс ҳақидаги маълумотлар дейсизми, бир сўз билан айтганда соҳани чуқур ўрганиш керак.
Бугунги кунда психологияни ҳамма соҳада тизимли кўряпмиз. Мактабларда, боғчаларда, олий таълимда, касб-ҳунар мактабларида соҳа вакиллари бор. Корхона ва ташкилотларда сифатли психологик хизматни олиш учун мутахассисларга штатлар ҳам ажратиб беришяпти.
— Психологларнинг асосий вазифаси нималардан иборат?
— Ҳар бир соҳанинг ўз вазифаси бор. Психолог шахснинг муаммосини у билан биргаликда ечадиган, унга ташқаридан туриб қарашга ёрдам берадиган мутахассис. Лекин тармоқ сифатида кўрадиган бўлсак, болалар психологиясини ҳам, ўсмирлик даврини, оила бўйича мутахассисларни ҳам ўзининг мақсад-вазифалари бор. Булар кенг доирадаги мутахассислар сирасига киради.
Психология инсоннинг руҳиятини, ундаги кечинмаларни, ҳолатларни ўрганадиган мутахассис ҳисобланади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/kcvUAmIPZZQ" title="Нега психологларга эҳтиёж ошиб бормоқда?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео),
ЎзА