Нега бугун Германия Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этмоқда?
Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатлари ҳақида яна бир бор фикр юритишга ундамоқда. Кейинги йилларда Тошкент ва Берлин шериклиги нафақат иқтисодий кўрсаткич, балки мазмун жиҳатидан ҳам ўзгармоқда. Аввал алоқалар асосан савдо ва инвестиция билан боғланган бўлса, бугун меҳнат миграцияси, технология трансфери, таълим, энергетика ва Марказий Осиёдаги геосиёсий жараён кун тартиби марказига чиққан.
Хўш, Германиянинг Ўзбекистонга қизиқиши ортида қандай омиллар турибди? Нега Берлин Марказий Осиё сиёсатида Тошкентга алоҳида эътибор қаратмоқда? Икки давлат муносабати келгусида қайси йўналишларда ривожланиши мумкин?
ЎзА мухбири ушбу саволларга атрофлича жавоб олиш учун сиёсатшунос Сайфиддин Жўраевга мурожаат қилди.
— Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия муносабати сезиларли фаоллашди. Бу жараённи қандай баҳолаш мумкин?

— Менимча, энг муҳим жиҳат рақамларда эмас, муносабатнинг табиатида. Зеро, бугун Германия Ўзбекистон учун шунчаки Европа давлати эмас, балки ЕИ таркибидаги энг йирик иқтисодиёт, Марказий Осиё бўйича фаол ташқи сиёсий куч ва айни йўналишдаги энг муҳим шерикларимиздан биридир.
Сўнгги йилларда давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқот мунтазам тус олди. Йирик иқтисодий келишувлар имзоланди. Энг муҳими, ҳамкорлик соҳалари кенгайди. Бугун миграция, рақамли технология, таълим, яшил энергетика масалалари юзага чиққан. Демак, муносабат прагматик, узоқ муддатли асосда шаклланяпти.
— Германиянинг Ўзбекистонга қизиқишини қандай изоҳлаш мумкин? Нега айнан Тошкент Берлин учун муҳим?
— Бу саволга жавоб бериш учун сўнгги йилларда дунёда кечаётган геоиқтисодий ўзгаришларга назар ташлаш керак. Европа учун янги бозор, ишончли шерик ва муқобил логистика йўналишлари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Марказий Осиё ана шундай ҳудудлардан бирига айланди. Ўзбекистон эса минтақадаги энг йирик аҳоли, улкан истеъмол бозори ва юқори иқтисодий ўсиш суръатига эга давлат сифатида ажралиб туради. Яна бир муҳим жиҳат бор. Аввал ташқи кучлар учун кўпроқ транзит ҳудуд сифатида кўрилган минтақамиз бугун мустақил иқтисодий, сиёсий макон сифатида баҳоланмоқда. Германия ҳам айни нуқтаи назарни ёқлайди.
Тошкентнинг қўшни давлатлар билан муносабатни яхшилаш сиёсати, минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари ва очиқ иқтисодий ислоҳотлари Германия учун Ўзбекистонни минтақадаги энг истиқболли шериклардан бирига айлантирди.
Кўпчилик сармоя ҳақида гап кетганда маблағ миқдорига эътибор қаратади. Ваҳоланки, бугун асосий масала пул эмас, технологияда. Германия дунёда саноат маданияти ва юқори технология ишлаб чиқариши бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун немис инвестицияси юртимизга кириб келиши оддий капитал оқими эмас, балки технология, бошқарув тажрибаси ва замонавий ишлаб чиқариш стандарти кириб келиши сифатида баҳоланиши керак.
Айниқса энергетика, машинасозлик, қурилиш материаллари, кимё саноати ва рақамли технология соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим, чунки айнан шу тармоқлар иқтисодиётнинг келажакдаги рақобатбардошлигини белгилайди.
Менимча, бугунги кунда Ўзбекистон олдида турган асосий вазифа хорижий маблағ жалб қилиш билан чекланмайди. Яъни, энди маблағни миллий иқтисодиётнинг таркибий янгиланишига хизмат қилишини таъминлаш зарур. Германия билан ҳамкорликнинг қиймати айнан шунда.
Бундан ташқари Европа иқтисодиётида юз бераётган ўзгариш ГФР компанияларини янги ишлаб чиқариш майдонлари топишга ундамоқда. Ўзбекистон эса географик жойлашуви, ресурслари ва ёш меҳнат бозори билан жозибадор йўналишдир.
— Миграция соҳасидаги келишувлар кўп муҳокама қилиняпти. Бу жараённи фақат ишчи кучи экспорти сифатида баҳолаш тўғрими?
— Йўқ, масалага бир ёқлама қараш хато. Кўпчилик миграция деганда фақат фуқароларнинг хорижга ишлаш учун кетишини тушунади. Аслида Германия иштирокида имзоланган миграция шериклиги меҳнат бозори, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш билан бевосита боғлиқ.
Бугун ГФРда малакали кадрларга эҳтиёж юқори. Айниқса тиббиёт, муҳандислик, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳада мутахассис танқислиги сезиляпти. Ўзбекистон эса ёшлар улуши юқори мамлакат сифатида ушбу эҳтиёжнинг маълум қисмини қоплаш имконига эга. Фақат бу ерда бир муҳим жиҳат бор: илгари миграция сиёсати кўр-кўрона олиб борилган. Энди эса аниқ қоида, касбий тайёргарлик ва тил ўқитиш дастурлари асосида ташкил этилмоқда. Бу ёшларимизга юқори малакали меҳнат бозорига чиқиш имконини беради. Шу билан бирга Германияда орттирилган билим, тажриба кейинчалик мамлакат иқтисодиёти учун хизмат қилади. Шу маънода миграцияни фақат ишчи кучи ҳаракати эмас, балки инсон капиталига инвестиция сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўларди.
— Германиянинг Марказий Осиёга қизиқиши ортаётган бир пайт Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни қандай ўзгармоқда?
— Менимча, бугунги кундаги энг муҳим ўзгариш айнан шунда. Олдин Марказий Осиё халқаро сиёсатда кўпроқ ташқи кучлар манфаати кесишадиган ҳудуд эди. Ҳозир минтақамиз мустақил геосиёсий ва геоиқтисодий макон сифатида шаклланмоқда. Германия бу ўзгаришни яхши англаб турибди. Шунинг учун кейинги йилларда “Марказий Осиё – Германия” формати, экспертлар форумлари ва юқори даражадаги мулоқот фаоллашди. Бу жараёнда республикамизнинг ўрни алоҳида. Бинобарин, минтақадаги иқтисодий фаоллик, транспорт йўлаклари, аҳоли салоҳияти ва сиёсий ташаббусларнинг катта қисми айнан Тошкент билан боғлиқ.
Агар бугунги тенденция сақланиб қолса, яқин йилларда Ўзбекистон нафақат Германиянинг Марказий Осиёдаги асосий шериги, балки Европа билан минтақа ўртасидаги муҳим кўприкка айланиши мумкин. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузи, иқтисодий имконияти ва ташқи сиёсий аҳамияти янада ошишига олиб келади.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА