Бен-Гвир: Исроил АҚШ мустамлакаси эмас!
Исроилнинг ўнг қанот Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир АҚШ ва Эрон ўртасидаги битимни кескин танқид қилиб, Исроил Вашингтонга қарам эмаслигини таъкидлади. Ушбу келишув мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётгани ҳақидаги вазирнинг жиддий баёноти кўплаб саволлар туғдирмоқда.
Кескин муносабатни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қолдирган мулозим ушбу битимни тан олмаслигини маълум қилди.
– Трампнинг келишуви биз учун мажбурий эмас, — деб ёзган у. – Исроил армияси Ливанда эгаллаб олинган ҳудудлардан чекинмаслиги керак. Бу келишув иштирокчиси эмасмиз. Мазкур ҳужжат хавфсизлигимизни таъминламайди ва зиммамизга ҳеч қандай мажбурият юкламайди. Исроил “Ҳизбуллоҳ” тўлиқ қуролсизланишидан бошқа ҳеч қандай шартга рози бўлмаслиги лозим. Исроил томон отилган ҳар бир ўққа жавобан бир лаҳза ҳам жим турмаслигимиз керак.
Бен-Гвирнинг фикрича, Ливандан Исроил ҳудудига учирилган ҳар бир дрон ёки ракета учун жавоб сифатида Исроил армияси Ливан пойтахти Байрутнинг Даҳия туманига кучли зарба бериши шарт.
Аввалроқ Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув доирасида “Ливанни ҳам ўз ичига олган барча фронтларда ҳарбий амалиёт зудлик билан ва узил-кесил тўхтатилиши”ни маълум қилган эди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий ҳам Қўшма Штатлар билан келишувга эришилганини тасдиқлаб, жорий йил 19 июнь куни Швейцарияда ўзаро англашув меморандуми имзоланишини тасдиқлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА