Нефть нархи тушяпти
Жаҳон нефть бозорида нарх пасайиши суръати сақланиб қолмоқда.
Бу ҳолат АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий келишувга оид хабарлар асносида Яқин Шарқдан нефть таъминоти тикланиши мумкинлиги билан изоҳланмоқда, деб хабар берди “Reutres” нашри.
Савдо чоғи “Brent” русумли нефть фьючерси 6,7 доллар ёки 6,1 фоиз арзонлаб, баррели 103,17 долларга тушди. АҚШнинг WTI нефти қиймати эса 6,77 доллар (6,6 фоиз) камайиб, 95,50 доллар атрофида шаклланди. Ҳар икки эталон марка бир кун олдин ҳам тахминан 4 фоиз қадрсизланган эди.

Бозор қимматлашишига Ҳурмуз бўғози орқали денгиз ташуви февралдан буён чекланиши сабаб бўлган. Бу омил глобал таъминот занжирига босим ўтказиши натижасида ўтган ҳафта “Brent” нархи 2022 йил март ойидан буён энг юқори даражага чиққан.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан низони бартараф қилишга қаратилган эҳтимолий келишув йўлида илдамлаш борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ҳурмуз бўғози орқали кемаларни кузатиш амалиёти вақтинча тўхтатилиши мумкин. Ҳарбий-денгиз кучларининг Эрон портларига нисбатан қамал чоралари эса сақлаб қолиниши билдирилган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий фақат одил ва ҳар томонлама мукаммал келишувгина қабул қилинишини таъкидлаб, Вашингтон ташаббусига бевосита муносабат билдирмади.
Мутахассислар қайд этишича, бўғоздаги чеклов оқибатида жаҳон бўйлаб нефть ва ёнилғи захираси камайган. Хусусан, АҚШда 3 ҳафтадан буён нефть захираси узлуксиз камаймоқда. Америка нефть институти маълумотида 1 май якунлаган ҳафтада захира 8,1 миллион баррель камайгани келтирилган. Шунингдек, бензин захираси 6.1, дистиллят маҳсулоти эса 4,6 миллион баррел қисқарган.
Айни пайт АҚШ Энергетика вазирлиги қошидаги Энергетика ахбороти маъмурияти расмий ҳисоботи эълон қилиниши кутиляпти. Бозор иштирокчилари шу манба орқали глобал талаб ва таклиф мувозанатига оид янада аниқ фаразга эга бўлади.
Д.Ҳакимов, ЎзА