Нефть-газ соҳасида янги қўшма лойиҳалар таҳлил қилинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Қатарнинг “AL ALFIA HOLDING” компанияси Директорлар кенгаши раиси вакили Зайнаб Ал-Юсуф бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва истиқболдаги нефть-газ лойиҳаларига Қатар инвесторларини жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ушбу йўналишдаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очаётганини таъкидлади.
Суҳбат давомида “Uzbekistan GTL” мажмуаси негизида лубрикантлар ва сурков материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, нефть-газ соҳаси эҳтиёжлари учун фаввора арматуралари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Қатар компаниясининг “Ўзбекнефтгаз” томонидан амалга оширилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув якунида истиқболли йўналишларни биргаликда ўрганиш, инвестициявий таклифларни муҳокама қилиш ва белгиланган йўналишларда амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА