Назорат харидлари давомида арматура маҳсулотида стандарт талабларига номувофиқлик аниқланди
Ҳар қандай қурилиш ишида сифатли материаллар ва қурувчининг маҳорати объектнинг мустаҳкам ҳамда узоқ муддат хизмат қилишида муҳим ўрин тутади. Афсуски, бозорда таклиф этилаётган барча қурилиш материаллари ҳам доимо юқори сифат ва ишончлиликни кафолатлай олмайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Жиззах вилояти бўлими мутахассислари томонидан савдо нуқталарида ўтказилган назорат хариди давомида сифатсиз қурилиш арматуралари сотилаётгани аниқланди.
Инспекция ходимлари бозордаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш учун савдо нуқталарида назорат харидини амалга оширди. Текширув давомида мамлакатимиздаги "ЖМЗ" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган, диаметри 12 миллиметр бўлган А400 русумли арматуралардан намуналар олиниб, лаборатория экспертизасига топширилди.
Лаборатория синовларида эса натижалар қониқарли чиқмади. Маълум бўлишича, ушбу қурилиш материали стандартда белгиланган энг муҳим талабларга ҳам жавоб бермайди. Хусусан, арматуранинг мустаҳкамлик чегараси, бетон билан ёпишишини таъминловчи қовурғаларининг эзилиш юзаси, кесим юзаси ҳамда бир метр узунликдаги вазни белгиланган меъёрлардан паст бўлиб чиқди. Бу эса металлнинг белгиланган қалинлик ва оғирликда эмаслигини англатади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай маҳсулотларни сотиш мамлакатимизнинг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талабларига зид келади. Энг асосийси, сифатсиз арматурадан фойдаланиш келажакда қуриладиган бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлигига жиддий путур етказиши мумкин.
Ҳозирда аниқланган қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида савдо дўконига ушбу арматураларни зудлик билан савдодан чиқариш ва белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича расмий тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА