Назорат органлари ходимлари малака оширди
Андижонда назорат органлари ходимлари учун ўқув семинари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2025 йилдан бошлаб назорат қилувчи органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимлари ҳар икки йилда Бизнес-омбудсман томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида малака ошириши белгиланган.

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Бизнес-омбудсман девони томонидан назорат қилувчи органлар ходимлари учун ташкил этилган малака ошириш курсида вилоятдаги 14 та назорат органининг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга 350 нафарга яқин ходими иштирок этди.

Малака ошириш курси машғулотларида мутахассислар томонидан назорат органлари ходимларига текшириш жараёни билан боғлиқ қонун талаблари, муҳим қоида ва тартиб-таомиллар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Хусусан, текширишда қатнашувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, текшириш ўтказишда ваколатли органни хабардор қилиш тартиби, текширувларни амалга ошириш, уларнинг боришини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактик чора-тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Малака ошириш курси якуни бўйича онлайн тест ўтказилиб, тингловчиларнинг олган билим ва малакаси синовдан ўтказилди. Онлайн-тестда иштирок этган 348 нафар ходимдан 302 нафари ижобий натижа кўрсатди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари