Назарнинг ҳикмати
Мунавварларимиз
Олий таълим даргоҳининг мақоми, энг аввало, ундаги илмий муҳит, жонкуяр жамоа ва эътироф этилган олимларнинг салоҳияти билан белгиланади. UI GreenMetric 2026 халқаро рейтингида дунёнинг ТОП-1000 та етакчи университетлари қаторидан жой олган Тошкент амалий фанлар университети (ТАФУ) бугунги кунда нафақат замонавий таълим маскани, балки кучли академик жамоа ва фидойи зиёлилар жамланган йирик илмий масканга айланди.

Университетнинг эришган муваффақиятлари ва халқаро майдондаги нуфузи ортида шу даргоҳда меҳнат қилаётган, ёшларга илм-фан сирларини ўргатаётган устоз ва олимларимизнинг салмоқли ҳиссаси бор. Айнан шундай таниқли ва тажрибали олиму фазилатли инсонлар муассасада соғлом илмий муҳит ва юксак маънавий фазони шакллантирмоқда.
Университет аҳлининг ана шундай фахри, таниқли олим ва фан ташкилотчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Назар Ҳакимов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан бу ерда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси: инновация, фан ва таълим” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.
Ушбу анжуман ва муборак айём баҳонасида ҳамкасб устозларнинг олимона маҳорат, инсоний камтарлик ва ибратли умр йўли ҳақидаги самимий мулоҳазаларига қулоқ тутиш мақсадга мувофиқдир.
* * *
Истеъдодли кишиларнинг ҳаммаси ҳам камтар бўлавермайди. Чунки бу фазилат ҳар кимга берилавермаган. Аммо камина меҳнат қиладиган университетда шундай бир устоз борки, уни кўрганда ҳар қандай ғўддайган кимса ҳам камтар-камсуқумгина бўлиб қолади, назаримда. Чунки унинг юксак маънавияти зимдан суҳбатдошидан шуни талаб қилади-да.
Тинимсиз тадқиқотлар яратаётган, ҳатто, халқаро майдонларда ҳам илмий маҳсулотлари билан фаол кўриниб турган, шу мўътабар ёшига қарамасдан, ёшларга, ҳаммамизга ўрнак бўлиб келаётган олим. Яхши дарс ўтади. Талабалар унинг ҳам илмидан, ҳам ҳаётий тажрибасидан кўп нарса олади. Яхши илмий раҳбар ёки маслаҳатчи. Кўп-кўп фан номзоди, фалсафа доктори, фан докторига устозлик қилган.
Ўзи тарихчи, тарих фанлари номзоди, иқтисодчи, фалсафа фанлари доктори. Сиёсатчи ҳам. Таълим соҳасининг тадқиқотчиси ҳам. Яхши илм-фан ва таълим ташкилотчиси ҳам. Кўп йиллар Тошкент иқтисодиёт университетида проректор бўлган. Қарши давлат университетида ректор бўлиб ишлаган. Кейин уни Қашқадарё вилояти ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари вазифасига ўтказишган. Бу киши вилоятда иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйишда бир олим раҳбар сифатида беш йил фаолият олиб борган.
Ёшга тўлганларнинг ҳаммасига вақт нуқтайи назаридан бир хил умр берилган. Лекин, халқимиз орасида машҳур анъанавий қиёс билан айтилса, бу даврда кимдир пашшача, кимдир эса филча иш қилган. Бундаги сир нимада? Нега филча иш қилган одам бунча маҳсулотга қандай қилиб эришган? Масала – жуда оддий. Бу одам вақтдан унумли фойдаланган. Кўп меҳнат қилган. Фурсатини бекор ўтказмасликка интилган. Вақтдан ҳамма ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Бироқ кўпларимиз вақтни бекорга ўтказамиз, иккинчи, учинчи, ҳатто, ўнинчи даражали масалаларга сарфлаб қўямиз. Йўқотилган ҳар бир дақиқа якуний натижага таъсир қилади-да. Яхши олим, яхши ижодкорнинг бошқалардан фарқ қиладиган асосий тарафи шу, деб ўйлайман. Бундайлар учун вақт – ўта муҳим бойлик. Ҳатто, бозор иқтисодиёти шароитида ҳеч хижолат қилмасдан айтишимиз мумкинки, вақт – пул. Шунинг учун ўринсиз сарфламаслик керак-да. Шу жиҳатдан бу олимимиз фақат ҳамкасбларигагина эмас, тарбияланиб келаётган талаба ва магистрантларимизга ҳам жонли намуна.
Бу кишида халқ билан ишлаш маҳорати шаклланган. Кафедра мудири, декан, проректор, ректор, ҳоким ўринбосари бўладими, халқ билан ишлашни билиши керак. Халқ билан яхши ишлаш учун халқнинг дардини ўзингизнинг дардинигиз янглиғ билишингиз даркор. Бунинг учун бағрикенг ҳам бўлиш лозим.
Дунёда ҳам кўп билишади. Буюк Британиядаги Кембриж университети “XXI асрда дунёнинг машҳур олимлари” мавзусида тадқиқот ўтказган, унинг натижаларига кўра, Назар ака ҳам шу рўйхатга кирган. 5 йил вилоят ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий масалалари бўйича ўринборсари бўлган.
Олий таълим даргоҳининг имижи, жумладан, унда таълим бераётган профессор-ўқитувчилар обрўйи билан ҳам ўлчанади. Тошкент амалий фанлар университети (ТАФУ) жамоаси бу ерда шундай таниқли олим меҳнат қилаётгани билан фахрланади.
Илм-фан ва таълим соҳаси вакилларини, шартли равишда, тўрт тоифага бўлиш мумкин.
Биринчи тоифа – олимлар. Олим бор, муаллим бор. Олим фаннинг муайян соҳаси ёки соҳалари бўйича тинимсиз тадқиқотлар олиб боради, янги ғоя, хулоса, гипотеза ва позицияларни илгари суради. Назар Ҳакимов 450 дан ортиқ илмий мақола, 15 монография, 17 дарслик, 20 ўқув-услубий қўлланма ва талабалар учун тавсиянома, 16 рисола чоп эттирган. Муаллифнинг илмий ишлари АҚШ, Буюк Британия, Россия, Германия, Туркия, Япония, Индонезия, Норвегия, Латвия, Чехия, Ҳиндистон ва бошқа хорижий давлатларнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилган.
Муаллим муайян фан предмети ёки предметлари бўйича ёшларга ҳар тарафлама таъсирчан, маълумотларга бой, замон талабларига мос дарслар ўтади. Кимдир яхши олим, лекин яхши муаллим бўла олмайди. Ёки аксинча. Кимдир яхши муаллим, бироқ яхши олим бўла олмайди.
Бу соҳа аҳлининг учинчи тоифасида илм-фан ёки таълимга раҳбарлик қилиш малакаси кучли бўлади. Кафедра ёки бўлим мудири, декан ўринбосари, декан, проректор, ректор, директор ўринбосари, директор бўлиб ишлаган ёки ишлаётганлар бор. Булар – фан ёки таълим ташкилотчилари.
Бу соҳа вакиллари орасида диссертацияларга яхши илмий раҳбар ёки маслаҳатчи бўладиганлар ҳам мавжуд. Шундай профессорлар учрайдики, умрида бирор номзодлик ёхуд фалсафа доктори диссертациясига раҳбар ёки бирор докторлик диссертациясига илмий маслаҳатчи бўлган эмас. Нима қилсин, унда шу қобилият, малака ёки истеъдод йўқ-да. Чунки устоз бўлиш учун меҳрибонлик, кенгфеъллик, холислик, сабрлилик талаб қилинади. Шундайлар борки, 30 – 40 нафарлаб илмий даражали шогирд чиқарган. Назар Ҳакимов илмий маслаҳатчилигида 3 докторлик, илмий раҳбарлигида 11 номзодлик диссертацияси ёқланган.
Бу тўрт фазилатнинг ҳар бири учун ҳам қобилият, истеъдод, меҳнат-машаққат зарур. Назар Ҳакимовда шу тўрт фазилат ҳам мавжуд.
Бўлажак олим 1951 йил 30 июнида Қашқадарёнинг Ғузор (ҳозирги Деҳқонобод) туманидаги Хўжапулласт қишлоғида туғилган. Аввал ҳозирги ЎзМУнинг Тарих факультетини (1973), кейин Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1998) имтиёзли диплом билан тамомлаган, Тошкент халқ хўжалиги институти аспирантурасида таҳсил олган (1977 – 1980). “Ёшларни ахлоқий тарбиялашда санъатнинг ўрни” мавзусида тарих фанлари номзоди (1981), “Жамиятни демократлаштириш шароитида шахс сиёсий маданиятининг шаклланиши” мавзусида фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олиш учун (1991) диссертация ёқлади. Доцент (1983), профессор (1993) илмий унвонларига эга бўлди.
Тошкент давлат консерваториясида ўқитувчи (1973 – 1977), ҳозирги Тошкент иқтисодиёт университетида ассистент, катта ўқитувчи, доцент, иқтисодиёт ва чет эллик талабалар билан ишлаш бўйича декан, Ижтимоий режалаштириш факультети декани ўринбосари, ўқув бўлими мудири, “Тарих” кафедраси мудири, Халқаро бизнес факультети декани, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (1981 – 1997), “Минтақавий иқтисодиёт ва экология” кафедраси мудири (2005), Қарши давлат университети ректори (1997 – 2001) лавозимларида ишлади. ҚарДУ ўқув ишлари, илмий соҳаларда самарали ишлар амалга оширилди, бир неча янги кафедра ва мутахассисликлар очилди, халқаро алоқалар кенгайди. Олим сифатида у бу ерда файласуфлар мактабини яратди.
Фан ва таълим ташкилотчисини давлат бошқаруви ишларига олишди. У йил январгача Қашқадарё вилояти ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари (2001 – 2004), кейин эса вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи (2004-2005) вазифаларида меҳнат қилди. 1999 йил декабрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 13-Қашқадарё вилояти округи сайлов комиссиясига раис бўлди. Олим Қашқадарё вилояти халқ депутати (1998 – 2000), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1999) этиб сайланган.
Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори ўринбосари ва “Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар” кафедраси мудири (2005 – 2019) сифатида иқтисодиёт, маданият, таълим ва фан соҳасидаги илғор хорижий университетларнинг янги педагогик технологияларини олий таълимга жорий этишда ўзининг шахсий ҳиссасини қўшди. Хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва ўқув марказларида бир неча марта малака оширди. Европа ҳамжамиятининг ТАСИС, ТEМПУС, ЖАНУБИЙ Кореянинг КОИCА, Японияниг ЖАИCА грантлари соҳиби бўлди.
Олим Олий аттестация комиссиясининг Фалсафа, тарих, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ бўйича эксперт кенгаши аъзоси ва илмий котиби (1992 – 1998), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг сиёсатшунослик ва ҳуқуқ бўйича ихтисослашган кенгаши (1995 – 1998), Ўзбекистон Республикаси “Устоз” жамғармаси директорлар кенгаши аъзоси, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ихтисослашган илмий кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет фалсафа фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган кенгаш аъзоси (2005 – 2018), мазкур ихтисослашган кенгаш раиси (2017-1018) бўлган.
“Сиёсий маданият” (1988), “Шахс сиёсий маданияти” (1990), “Ўзбекистон маданияти” (1995), “Мустақилликнинг ахлоқий омиллари” (1993), “Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи” (1997), “Мустақил Ўзбекистон тараққиёти” (1997), “Талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” (2008), “Шаҳрисабз тарихи” (2001), “Миллий қадриятлар” (2001), “Комилликка интилиш” (2015), “Фуқаролик жамияти тараққиёти ва ёшлар ахлоқий тарбияси” (2016), “Инсон экологияси” (2021), “Абу Али ибн Сино фалсафий меросининг талабалар ахлоқий маданиятини юксалтиришдаги ўрни” (2023), “Комил инсон концепциясининг фалсафий моҳияти” (2023) монографиялари муаллифи.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг долзарб муаммоларига бағишланган “8-9-синфлар таълим жараёнини ижтимоий-педагогик такомиллаштириш методикаси” (2016), “Таълим жараёнини ижтимоий-педагогик такомиллаштиришнинг инновацион усуллари” (2016), “8-9-синфлар ўқув жараёни” (2017), “Атроф-муҳит муҳофазаси” (2007), “Бизнес стратегияси” (2017), “Ўзбекистон тарихи” (2020), “Фалсафа” (2021), “Мамлакатнинг стратегик тараққиёти” (2021), “Фуқаролик жамияти” (2020), “Яшил иқтисодиёт ва экология” (2022), “Иқтисодий таълимотлар тарихи” (2022), “Бошқарув психологияси” (2022), “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” (2022), “Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичи шароитида” (2022), “Глобал экологик таҳдидлар ва Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциялари” (2023). “Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш” (2006), “Ижтимоий экология” (2007), “Ўқувчиларнинг мустақил ишлари” (2021) деган китоблари ҳам бор.
Унинг “Инсон экологияси” монографияси Буюк Британия пойтахти Лондонда инглиз тилида чоп этилди (2023). “Мамлакатнинг стратегик ривожланиши. Фуқаролик жамияти” (2023) монографияси Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Испания, Португалияда нашр этилган. “Фалсафа” (2023), “Иқтисодий таълимотлар тарихи” (2023), “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” (2024) асарлари Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳридаги “Дарин” нашриётида чиққан.
Олим икки қисмдан иборат “Фалсафа” (2024), “Диншунослик” (2024) дарсликлари муаллифи, шунингдек, “Илмий тадқиқот методологияси. Магистрлар учун дарслик” (2026) “Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш” (2026) “Талабалар мустақил таълими” (2024), “Ўзбекистонда нодавлат таълим” (2025), “Тошкент амалий фанлар университети фидойилари” (2026), “Ўзбекистон ХХ – ХХ асрдаги жамиятшунос олимлари” (2026), “Амалий фалсафа” (2026) каби монографияларга ҳаммуаллиф бўлган.
Ҳозирги кунда Тошкент амалий фанлар университети(ТАФУ)нинг “Тарих ва ижтимоий фанлар” кафедраси тадқиқотчи профессори бўлиб ишлаяпти. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Наманган, Фаргона давлат университетлари ҳузуридаги фалсафа фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган илмий кенгаши аъзоси. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Яшил иқтисодиёт ва тараққиёт”, Ўзбекистон миллий университети “Фалсафа ва ҳаёт” илмий журналлари таҳрир ҳайъати аъзоси, Тошкент амалий фанлар университети “Ижтимоий фанлар: назария ва амалиёт” журнали муҳаррири, Турон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (2024).
Муқаддас динимизда: “Ҳамма нарса – ниятга боғлиқ”, – деган пурмаъно ҳикмат бор. Исм ҳам – шундай. Ўзи халқимиз чақалоққа қўйилаётган ҳар қандай исмни бир эзгу ният билан қўяди. “Назар” деган отда: “Боламга Аллоҳнинг назари тушсин, у доимо элининг назарида бўлсин!” – деган орзу яширинган бўлади.
Самарали меҳнати, илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи (1992), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 10 йил” (2001), Ўзбекистон Республикаси белгиси (2000), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” (2006), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” (2016), “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-йиллиги” (2017), “Ўзбекистон Республикаси олий таълим аълочиси” (2026) нишонлари билан тақдирланган. У Буюк Британиянинг Кембриж университети томонидан дунёнинг машҳур олимлари рўйхатига киритилган ва шу олий таълим даргоҳи ордени билан тақдирланган (2002).
Хўш, инсон 75 йиллик умри давомида қандай қилиб бунча нарсага эришиши мумкин? Фақат ва фақат вақтдан ўта унумли фойдаланиш, уни ҳамиша бирламчи аҳамиятга эга нарсаларга сарфлаш орқалигина эришилади. Донишманд одам учун бундан бошқа йўл йўқ. Чунки яшаш бахти кишига бир мартагина берилади.
“Исмларда ажиб бир сир яширин бўлади”, – деган гап бекорга чиқмаган. Шу маънода профессор Назар Ҳакимов эришган ютуқларни кўз олдингга келтирганда: “Аллоҳ назарининг ҳикмати шу бўлса керак”, – деб ўйлайсан киши.
Умрингизга умр қўшган бўлсин, устоз!
Султонмурод ОЛИМ,
ТАФУ профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Аброр ХИДИРОВ,
ТАФУ Тарих ва филология факультети декани.