Наврўз – янгиланиш, яшариш айёми
Тошкент молия институтида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Наврўз – янгиланиш, яшариш айёми” номли тадбир ўтказилди.
Институт раҳбарияти, ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирокидаги тадбирда Профессор Наим Обломуродов сўзга чиқиб, миллий байрамнинг ўтказилиш тарихи ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Шоирлар Рустам Мусурмон, Ғайрат Мажид, Салим Ашурлар севги, ёшлик ва баҳор мавзуларида шеърлар ўқиди. Талабалар қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Тадбирда Наврўз баҳорий янгиланиш, яшариш кайфиятини олиб келган қадимий анъаналаримиздан бири экани таъкидланди. Ушбу миллий байрамимиз асрлар давомида сайқалланиб, ўлкамизга баҳор тароватини бахш этиш билан бирга, саховатпешалик, аҳиллик, мўл ҳосил ва қут-барака нишонаси сифатида ҳам тараннум этилади.

Учрашувда энг фаол ёшларга Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган 50 дан ортиқ бадиий китоблар совға қилинди. Шоирлар Ватан, Наврўз, баҳорни тараннум этувчи шеърларидан ўқиб берди. Юзма-юз мулоқот адабий фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Йиғилганлар баҳорий учрашувларнинг гаштини, унинг завқини ҳис қилди.
Д.Маматова,
ЎзА мухбири