Наврўз шодиёналари бошланди
Бухоро шаҳридан 12 километр узоқликдаги, кўпмиллатли темирйўлчилар шаҳри Когонда бугунга келиб 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 66 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Саноатчилар шаҳрида аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, одамларга даромад манбаини яратиш мақсадида айни кунда 126 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилган бўлса, шундан 9 таси хорижий капитал иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидир. Муҳими, уларда юзлаб юртдошларимиз меҳнат қилиб, моддий манфаат кўрмоқда.
Бухоро вилояти Когон шаҳрининг “Ёшлик” спорт мажмуасида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўзи олам!” шиори остида халқ сайиллари, концерт томошалари бўлиб ўтди.

Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами муқаддас Рамазон ойига тўғри келгани халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини намоён этиш, ҳар биримизни хайрли ва савобли ишларни кўпроқ амалга оширишга ундамоқда.

Жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида айни Наврўз айёми кунларида Когон шаҳар “Маҳалла” жамоат фонди томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз, ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларнинг юздан ошиғи ҳолидан хабар олиниб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда.


Байрам тадбирида Когон шаҳар ҳокими, мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари барчани Наврўзи олам айёми билан самимий муборакбод этди. Ҳудудда бораётган янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлар эътироф этилди. Зеро, бу шодиёна кўнгиллардаги хотиржамлик, тинчлик неъматидан баҳра олиб, шундай дориламон кунларга эсон-омон етганимизнинг шукронасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири