Наврўз – қадим қадриятлар таровати
Қизилқумга туташ кенгликларда истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб Чуруқ овули аҳолисини “Наврўз” байрами олдидан Шофиркон туман ҳокимлиги, туман Халқ қабулхонаси ҳамда корхона ва ташкилотларнинг мутасаддилари йўқлаб борди.
Наврўзи оламни кўтаринки руҳ ва катта шодиёна билан нишонлаш азал-азалдан эл-юртимиз учун гўзал анъана ҳисобланади. Шу муносабат билан байрамда ёшлар миллий ўйинлар, спорт мусобақаларини уюштириб, беллашдилар. Баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда.
Тадбирда сўз олганлар Наврўз инсоний меҳр-оқибат, самимий мурувват, саховатпешалик, бағрикенглик байрами эканлигини алоҳида таъкидлаб, барчани яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этди. Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари ҳамда овул оқсоқоллари ҳам сўз олиб барчани қадимий ва боқий Наврўзи олам билан қизғин қутладилар. Миллий қадриятларимиз, анъана-ю удумларимиз, шу жумладан, халқ ўйинлари намойиш этилди. Дастурхонга ош тортилди. Шунингдек, қадриятлар акс эттирилган саҳна кўриниши барчага юқори кайфият бағишлади.
Ижтимоий масалаларни ҳал этиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, Наврўз байрами муносабати билан овулликларга хуш кайфият улашиш ҳамда уларни янги ташаббус ва ғояларга ундаш, юртга дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилган тадбирлар мобайнида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан нуроний отахон ва онахонлар учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Инсон қадри улуғланаётган бугунги кунда бундай тадбирларнинг ўтказилиши Чуруқ овули аҳолисини ҳам хурсанд қилди.
Байрам муносабати билан шу куни овулликлар учун "Шофиркон деҳқон бозори" МЧЖ томонидан арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилди.
ЎзА