Навоийхонлик кечаси
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейида Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари К.Карамова, ИИВ Қашқадарё академик лицей маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар бўйича академик лицей директорининг ўринбосари, подполковник И.Фармонов сўз санъаткори, илм-маърифат ҳомийси ва яхшиликлар етакчиси Алишер Навоий ижоди ва фаолияти ҳақида маълумот берди.


Унда буюк шоир ижод намуналаридан парчалар ўқилди. Шунингдек, лицей ўқувчилари томонидан тайёрланган мусиқий чиқишлар ва саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди.


– Февраль ойи вилоятда Алишер Навоий ва Бобур ижодини ўрганиш ойлиги, деб белгилаб олинган, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари К.Карамова. – Шунга асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда шаҳар-туман бўлинмалари томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, вилоятдаги барча корхона ва ташкилотларда навоийхонлик, бобурхонлик кечалари, икки аллома ижоди бўйича давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ташкил этилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири