Навоийнинг “Хамса” асари озар тилида нашр этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Алишер Навоийнинг “Хамса” асарининг озар тилидаги таржима китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Асарни таниқли олим ва таржимон Рамиз Асқар озар тилига ўгириб, нашр эттиргани мутаффакирнинг 580 йиллигига катта туҳфа бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов, профессор Нурбой Жабборов, Фузулий номидаги илмий тадқиқот маркази раҳбари Гулбаҳор Ашурова сўзга чиқиб, юртимизда Алишер Навоий ижодини ўрганишга, адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, унинг асарларини бошқа тилларга таржима қилиниши ва чет давлатларда нашр этилишининг аҳамияти хусусида гапириб ўтди.

Рамиз Асқар томонидан Алишер Навоийнинг “Маҳбубул-қулуб” асари озар тилига таржима қилиниб, 2021 йил март ойида Озарбайжонда чоп этилган. Ушбу янги таржима “Турксой” кутубхонаси сериясида нашр этилиб, шу йили Бокуда тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китоб Озарбойжон Миллий фанлар академияси фольклор институти кенгаши томонидан нашрга тавсия этилиб, унга Иса Ҳабибейли муҳаррирлик қилган. Тақризчи Дилнавоз Юсупова. “Фейзият” нашриётида 500 нусхада чоп этилган.

– Рамиз Асқарнинг навбатдаги озар тилидаги таржима асари 5 та достонни ўзида жамлаган “Хамса” бўлди, – дейди Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамияти раиси Эркин Нуриддинов. – Ушбу китоб “Турксой” кутубхонаси сериясида шу йилнинг декабрь ойида Бокуда нашр этилди. Китобнинг илмий муҳаррири профессор Рафаэл Хусейнов, муҳаррири Дилнавоз Юсупова. Наиле Аскер, Сайхун Алиев ноширлик қилган. Асар “Ekoprint” нашриётида 1000 нусхада босилган. Албатта, бу каби адабий жараёнлар ёшлар маънавиятини юксалишида аҳамиятлидир, деб ўйлайман.
Тақдимотда филология фанлари доктори, профессор Рамиз Асқарнинг видео-маърузаси қўйиб берилди. У маърузада Алишер Навоийнинг маънавий меросини кўп йиллардан буён ўрганиши, унинг ғазалларини, достонларини севиб мутолаа қилиши, мутаффакир шеъриятига бағишланган конференцияларда қатнашгани, асарларининг таржимаси ва нашр жараёнлари ҳақида айтиб ўтди.
Тақдимотда йиғилганлар Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги адабий алоқалар янада мустаҳкамланиб, бардавом бўлишини таъкидладилар.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист
ЎзА