Навоийда замонавий қимматбаҳо металларни харид қилиш маркази ишга туширилди
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида янги, олтинни қайта ишлаш ва харид қилиш мақсадида “Ўзмиллийбанк”нинг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига “Gazgan Refining” МЧЖ корхонаси фаолиятини бошлади.
Ҳозирда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларнинг умумий сони 112 та бўлиб, уларнинг 103 таси Навоий вилоятида, 9 таси эса Самарқанд вилоятида фаолият олиб боради. Олтин изловчилар фаолияти учун ажратилган ер майдонлари ҳажми Навоий вилоятида 330 гектар, Самарқанд вилоятида 21,5 гектарни ташкил этади.
Ушбу замонавий корхонанинг йиллик қуввати олтин рудасидан олинган 1,4 тонна олтин таркибли концентратни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, бу ҳудуд саноатининг салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади ва унинг экспорт имкониятини оширишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Марказда фойдаланилаётган энг илғор ва замонавий ускуналар Италиянинг “Италимпианти” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Кимёвий аффинаж ускуналари жараёнларнинг мутлақ аниқликда, экологик хавфсизлик қоидаларига риоя этилган ҳолда ва энг юқори самарадорлик билан бажарилишини таъминлайди.
- Марказимизнинг асосий вазифаси маҳаллий конлардан қазиб олинган олтин хомашёсини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, уни тозалаш ва халқаро стандартларга жавоб берадиган 999 пробали соф олтин қуймаларини ишлаб чиқариш ва харид қилишдан иборат, - дейди МЧЖ директори Панжи Чориев.
- Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2024 йил 23 июлдаги “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида яратилган имкониятлар ва “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағлари асосида амалга оширилди. Мазкур қўллаб-қувватлаш корхонага замонавий ускуналарни харид қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини тезкор ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш имконини берди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Мазкур мажмуанинг ишга тушиши заргарлик корхоналарини узлуксиз ва кафолатланган юқори сифатли хомашё билан таъминлабгина қолмай, олтин изловчиларнинг узоғини яқин қилиш, ҳудудда янги иш ўринлари яратилиши ҳамда маҳаллий иқтисодиётнинг янада юксалишида муҳим аҳамият касб этади.
- Биз учун энг катта янгилик ва қулайликлардан бири - қазиб олинган олтин хомашёсини топшириш жараёнининг анча енгиллашганидир, - дейди бухоролик тадбиркор Анвар Жумаев. - Илгари хомашёни топшириш учун узоқ масофаларни босиб ўтишга, қўшимча вақт ва маблағ сарфлашга тўғри келарди. Бу эса фаолият самарадорлигига маълум даражада таъсир кўрсатар эди. Қазиб олинган олтинни ҳудуднинг ўзида қабул қилиш, баҳолаш ва қайта ишлаш имконияти яратилгани вақт тежаш билан бирга, транспорт харажатларини ҳам сезиларли даражада қисқартиради. Шунингдек, марказда замонавий лаборатория ва баҳолаш хизматларининг йўлга қўйилиши натижасида топширилаётган хомашёнинг сифати ва таркибини тезкор аниқлаш имконияти пайдо бўлди.
Бундай замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг ташкил этилиши нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, балки соҳада янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, аффинаж соҳаси учун технолог, кимёгар, лаборатория мутахассиси, асиллик даражасини аниқлаш бўйича мутахассис ҳамда юқори малакали техник кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.
Бу эса мамлакатимизда илгари кам учрайдиган янги йўналишдаги мутахассисларни шакллантириш, уларнинг малакасини ошириш ва соҳага замонавий билим ҳамда технологияларни олиб кириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
- Ғозғонда янги марказининг ишга туширилиши соҳа учун муҳим қадамлардан бири бўлди, - дейди “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Нодир Мираҳмедов.
- Бугунги кунда юқори асиллик даражасига эга олтин қуймаларини сотиб олиш имкониятлари кенгайтирилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва корхоналари ташкил этилмоқда. Ҳозирда соҳадаги тадбиркорлик субъектлари сони 2700 тадан ошди. Яъни ишлаб чиқарувчи корхоналар 299 та, охирги беш йил ичида олти баробар ўсган. Якка тартибдаги тадбиркорлар, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар 658 та бўлиб, беш баробарга, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларимиз эса 1750 тага етиб, тўрт баробарга ошган.
Ўтган йилнинг ўзида 18,5 тонна тилладан, 2,5 тонна кумушдан ясалган заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилган.
Заргарлик корхоналарининг сифатли хомашё билан барқарор таъминланиши, маҳсулот рақобатбардошлигининг ошиши импортга эҳтиёжнинг қисқариши учун мустаҳкам асос яратилмоқда. Бундай лойиҳалар миллий заргарлик саноатини ривожлантириш ва маҳаллий брендларнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Яратилаётган янги инфратузилма ва қонуний савдо механизмлари қимматбаҳо металлар айланмасининг янада шаффоф бўлишига хизмат қилмоқда. Илгари қимматбаҳо металларни қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича етарли имкониятлар мавжуд эмаслиги айрим ҳолатларда норасмий муносабатлар ва ноқонуний савдо ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлган бўлса, бугунги кунда замонавий аффинаж марказлари ва расмий харид тизимларининг ташкил этилиши орқали қимматбаҳо металлар ҳаракатининг қонунийлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда.
- Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги уч йил ичида корхоналар сони 1000 тага, ишчилар сони 4300 тага, ишлаб чиқариш ҳажми эса 3 баробарга ва экспорт кўрсаткичлари 6 баробарга оширилишга эришилди, - дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилоят бўйича ҳудудий директори Лазиз Холмедов. - Ушбу марказда олтин изловчилар учун алоҳида қулайликлар яратилган.
[gallery-29933]
Жумладан, кунлик ўлчовли олтин қуймаларни сотиш, кунлик хомашёни қайта ишлаш, бундан ташқари аҳолидан заргарлик буюмларини қайта ишлаш учун харид қилиш имкониятлари мавжуд. Шунингдек, марказда жойлашган “Ўзмиллийбанк” АЖ Банк хизматлари офиси орқали дарҳол пул ўтказмалар амалга оширилиши, керак бўлса шу ернинг ўзида нақд кўринишда олиб кетилиши мумкин.
Албатта, Навоий вилоятидаги ушбу марказнинг очилиши Ўзбекистон олтинининг жаҳон бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлаш билан бирга миллий заргарлик брендларининг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА