Қизилқум бағридаги Мадамбой кўли кенгайиб бормоқда
Бухоронинг олис чўл ҳудудидаги Мадамбой кўли келажак иқтисодиёти ва экологиясининг янги таянчига айланмоқда. Бухоро вилоятининг узоқ ва саҳро бағрида жойлашган Пешку тумани “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди ҳақида кейинги кунларда ҳайратомуз хабарлар тарқалмоқда. Кечагина қум барханлари ва чексиз саҳролардан иборат бўлган бу масканда бугун кўз илғамас даражада улкан сув ҳавзаси шаклланмоқда. Аҳоли орасида уни ҳатто “янги денгиз” деб аташмоқда. Албатта, бу табиатнинг тасодифий мўъжизаси эмас, балки инсон ақл-заковати ва узоқни кўзлаб амалга оширилган йирик гидротехник лойиҳанинг самарасидир.
2023 йилдан бошлаб Жондор, Қоракўл ва Олот туманларидаги сизот сувларини Оролбўйи ҳудудларига етказишга қаратилган муҳим лойиҳа доирасида махсус сув йўли қурилиши бошланган эди. 2024 йилдан эса ушбу сувларни Жонгелди ҳудудида захира қилиш ишларига киришилди. Натижада Қала ота қишлоғи яқинида қисқа вақт ичида улкан сув ҳавзаси – Мадамбой кўли вужудга келди.
–Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Бухоро чўлларида катта кўл ёки денгиз пайдо бўлибди” деган хабарлар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда, –дейди Бухоро давлат педагогика институти Биология ва география кафедраси доценти Рашид Раҳмонов. –Аммо бу ҳодисанинг асл моҳияти нимадан иборат? Бу жараён ортида ирригация соҳаси мутахассисларининг йиллар давомидаги машаққатли меҳнати мужассам. 2019 йилда Жонгелди массивининг юқори қисмида жойлашган Мадамбой ботиғига сув йўналтириш мақсадида Мадамбой коллектори орқали қазиш ишлари бошланган эди. Ушбу кенг кўламли ишлар 2023 йилда якунланди ва шу йилдан бошлаб Мадамбой коллектори орқали Жонгелди массивининг юқори қисмида шаклланган Мадамбой кўлига сув кела бошлади. Албатта, дастлабки босқичларда айрим техник ва ташкилий камчиликлар кузатилди. Бироқ улар тезкорлик билан бартараф этилди. 2026 йилга келиб эса ёғингарчилик миқдорининг кўпайиши, қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг нисбатан камайиши натижасида Мадамбой коллектори орқали келаётган сувнинг асосий қисми ботиқ ҳудудига тўплана бошлади.
Бу эса кўл майдонининг кенгайишига сабаб бўлди. Мадамбой коллектори сувни қаердан олади, деган савол туғилиши табиий. Маълумки, Қоракўл тумани ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган Замонбобо кўли бор. Илгари ушбу кўлга келиб қуйиладиган сувнинг бир қисми Порсонкўл коллектори орқали Амударёга чиқарилар эди. Янги лойиҳа доирасида эса ана шу сув оқимларининг бир қисми Жонгелди массивининг юқори қисмига йўналтирилди. Натижада чўл бағрида янги экологик ҳудуд – Мадамбой кўли шакллана бошлади. Бу лойиҳа катта мақсадларни кўзлаган кенг қамровли ишларнинг биринчи босқичидир. Кейинги босқичда Мадамбой кўли орқали Хатича, Зикир, Девхона, Қорақир сувларини йиғиб, Орол денгизи томон йўналтириш режалаштирилган эди. Бироқ бу жараён ҳудуднинг табиий мувозанатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли ушбу босқич амалга оширилмайдиган бўлди. Бугунги кунда эса биринчи босқичнинг ўзи катта экологик аҳамият касб этмоқда.
Сув бор жойда ҳаёт уйғонади. Мадамбой кўлининг пайдо бўлиши натижасида ҳудудда янги флора ва фауна турлари шаклланиши учун имконият яратилмоқда. Сув манбаи нафақат табиат учун, балки инсон ҳаёти учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Кўл атрофида экологик муҳит яхиланади, ёз ойларида ҳаво нисбатан салқинлашади, чанг-тўзонлар камаяди. Бу эса ҳудудда яшовчи аҳоли саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, биологик хилма-хилликнинг ортиши табиат мувозанатини сақлашда муҳим омилга айланади. Келажакда Мадамбой кўли сув захиралари барқарор бўлган тақдирда бу ерда балиқчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Турли ҳайвонот ва ўсимлик дунёси вакиллари учун табиий макон яратилади.
Шу билан бирга, мазкур ҳудудда экологик туризмни йўлга қўйиш, сайёҳлар учун ўзига хос маскан яратиш имконияти ҳам мавжуд. Келажакда бу ерда кичик экотуризм шаҳарчасини ташкил этиш, табиат қўйнида дам олиш масканларини барпо қилиш мумкин. Айтиш мумкинки, Мадамбой кўлининг шаклланиши бу нафақат сув манбаининг пайдо бўлиши, балки чўл ҳудудларида янги ҳаётнинг бошланиши демакдир. Айниқса, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби глобал муаммолар кучайиб бораётган бугунги даврда бундай лойиҳалар табиат ва инсон манфаатларини уйғунлаштиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Мадамбой кўли чўл бағрида пайдо бўлган оддий сув ҳавзаси эмас, балки келажак авлодлар учун экологик барқарорлик, табиат ва тараққиёт уйғунлигининг ёрқин намунасидир.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, коллектор-дренаж тизимлари орқали тўйинадиган мазкур ҳавзага ҳар сонияда 35 куб метр сув келиб тушмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганда бу ерда 850 миллион куб метр сув захира қилиш имконияти яратилади. Айни пайтда эса 350 миллион куб метрдан ортиқ сув жамланган.
–Бухоро шаҳридан қарийб 230 километр узоқликдаги бу ҳудуд аввал қум барханларидан иборат эди, –дейди Пешку тумани ҳокими ўринбосари Азамат Ражабов. –Янги кўлнинг пайдо бўлиши ҳудуд иқтисодиёти учун катта имкониятларни очмоқда. Келажакда соҳил бўйларидаги ер майдонларини аукцион орқали тадбиркорларга бериш ва янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, Мадамбой нафақат иқтисодий, балки экологик аҳамиятга ҳам эга. Янги сув ҳавзаси ҳудуд иқлимини юмшатиш, қушлар ва бошқа жониворлар учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
–Бу кўл экологик мувозанатни сақлашда муҳим омил бўлади, –дейди Пешку туман экология бўлими бошлиғи Савриддин Файзуллаев. –Қушларнинг янги қўнимгоҳлари пайдо бўлади, балиқчилик ривожланади. Бу эса аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаи демакдир.

Айниқса, маҳаллий аҳоли бу ўзгаришларни катта қувонч билан қарши олмоқда. Чунки сув бор жойда ҳаёт, тараққиёт ва фаровонлик бўлади.
–Қала ота қишлоғи ҳудудида икки йилдан буён сув йиғилиши натижасида кўл шаклланди, –дейди “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Набира Актасова. –Бу биз учун катта неъмат бўлди. Ота-боболаримиз “Сув – тинчлик ва бараканинг кўзи”, деб бежиз айтмаган. Кўл аҳолимиз учун янги имкониятлар ва даромад манбаини яратмоқда.
Яқин истиқболда ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, экотуризм ва балиқчилик кластерларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, келажакда мазкур ҳудуд йилига бир миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлади ҳамда минглаб аҳолининг бандлигини таъминлайди.

Бугун Жонгелдидаги Мадамбой кўли оддий сув ҳавзаси эмас. У Қизилқум бағрида пайдо бўлаётган янги ҳаёт манбаи, янги иқтисодий имкониятлар эшиги ва экологик барқарорлик рамзидир. Кечагина фақат қум ва шамол ҳукмрон бўлган ҳудудда бугун сув жилваланмоқда. Эртага эса бу ерда балиқчилик хўжаликлари, туристик мажмуалар, яшил ҳудудлар ва фаровон ҳаёт шаклланиши мумкин.
Эҳтимол, яқин йилларда Қизилқум саҳроси бағрида пайдо бўлган ушбу улкан кўл нафақат Бухоро, балки бутун мамлакатнинг энг диққатга сазовор табиий ва туристик манзилларидан бирига айланар…
Зариф Комилов, ЎзА