Навоийда йилнинг энг яхши тарбиячилари аниқланди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” касбий кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятда 1438 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 236 таси давлат ва 1202 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Вилоятдаги 3-7 ёшдаги болалар сони 97 425 нафар бўлса, уларнинг 82 091 нафари ёки 84,3 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган. Болажонларга 6 минг нафардан зиёд педагог-тарбиячи таълим ва тарбия бермоқда.

Танловнинг туман ва шаҳар босқичида мактабгача таълим ташкилотларининг 596 нафар директор ўринбосарлари ва тарбиячилари иштирок этди ва уларнинг 55 нафари вилоят босқичида ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Танлов низомига асосан ўтказилган беллашувлар якунида “Энг намунали директор ўринбосари” номинациясида Навоий шаҳридаги 24-ДМТТ директори ўринбосари Нафосат Файзуллаева, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи” номинациясида Навоий шаҳридаги 23-ДМТТ тарбиячиси Мадина Алимова, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинациясида Учқудуқ туманидаги 15-ДМТТ тарбиячиси Гулҳаё Аслонова, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи” номинациясида Зарафшон шаҳридаги 6-ДМТТ тарбиячиси Оразкул Абдикаликова, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” номинациясида Учқудуқ туманидаги 11-ДМТТ тарбиячиси Маҳлиё Каримова, “Энг намунали тарбиячи” номинациясида Ғозғон шаҳридаги Фарида Рахматовага қарашли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дилбар Бомуллоева, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” номинациясида Кармана туманидаги 4-ДМТТ тарбиячиси Феруза Эрдонова, “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи” номинациясида Конимех туманидаги “Камалак” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Зулҳумор Юлдошова ғолиб деб топилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА