Навоийда туризм янада ривожланмоқда
Сўнгги йилларда юртимизда ҳудудларнинг салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини тубдан такомиллаштириш, соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам сайёҳлик ва дам олишнинг маданий мерос, зиёрат, гастрономик, экотуризм ва бошқа турлари кенг ривожланганлиги туристик жозибадорликни оширмоқда. Натижада вилоятга ташриф буюраётган сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида 2025 йилда Навоийга 500 минг хорижий туристни жалб қилиб, бу хизмат экспортини 150 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилиб, йўл бўйларида енгил конструкцияли шохобчалар ташкил этган ҳолда савдо ва сервисларни кўпайтириш имконияти кўрсатиб ўтилган эди.
2024 йил вилоятга 420,2 минг нафар хорижий ва 2 миллион 485 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилган. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан солиштирилганда 22 баробарга ошганлигини кўриш мумкин. Туризм экспорти ҳажми эса 105 миллион долларга етказилди.
[gallery-21646]
– 2024 йилда вилоятда 300 миллиард сўмлик 24 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, – дейди вилоят туризм бошқармаси мутахассиси Комилжон Нормаматов. – 2025 йилда эса замонавий туризм талабларига жавоб берадиган жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш бўйича 37 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 10 таси вилоят ҳудудидан ўтувчи М-37 халқаро аҳамиятга эга автомагистраль йўли ёқасида жойлашган. Биргина Кармана туманининг ўзида 2025 йилда умумий қиймати 200 миллиард сўмлик 4 та намунали меҳмонхона хизмати йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида 100 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари, сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш мақсадида қўшимча хизмат турлари кўрсатиш объектлари қурилмоқда. Жумладан, ЮНЕСКО рўйхатига кирган объектлар яқинида замонавий экобоғ ташкил қилиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа йил якунига қадар ишга тушади.
Лойиҳа доирасида халқаро брендга эга корхоналар жалб қилиниб, савдо марказлари, гастрономик туризм йўналишидаги янги объектлар, меҳмонхоналар қурилади. Қизилтепа туманида эса гастрономик туризм йўналишида 10 дан ортиқ хизмат кўрсатиш объектлари ва савдо марказлари иш бошлайди. Шунингдек, мазкур автомобиль йўлига яқин масофада жойлашган дарё бўйида енгил конструкцияли дам олиш масканлари қуриш ҳам режада бор. Ушбу дам олиш масканлари бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатади ва кластер тартибида ишга туширилади. Яъни, битта объектнинг ўзида меҳмонхона, дам олиш маскани, ресторан, тур оператор ва транспорт хизмати йўлга қўйилади.
Бугунги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган туркомпанияларнинг сони 75 тага етказилган. Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган 340 км масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм маршрутларини ўз ичига олган Навоий “туризм ҳалқаси” йўналиши бўйича транспортда ва пиёда саёҳат қилиш бўйича алоҳида туристик маршрутлар яратилди.
Хатирчи тумани Олтинсой маҳалласи ҳудудида жойлашган термал булоқлар салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда умумий қиймати 15 миллиард сўмлик соғломлаштириш объекти ҳамда қиймати 6 миллиард сўмлик хостел фаолияти ташкил этилди.
“Қизилқум сафари” МЧЖ томонидан Айдаркўл бўйида 500 ўринли ўтовли лагерь ташкил этилиб, отда ва туяда сайр қилиш, ов қилиш, автомагистраль йўл бўйида 2 та ресторан, савдо дўконлари, транспорт ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм кластери ташкил этилди.
– Туризм кластери ўзида сайёҳларга меҳмонхона, овқатланиш, 2 та транспорт, гид экскурсовод, 46 та ўтовдан иборат лагерь, бир вақтнинг ўзида 500 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга пляж хизматларини жамлаган, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Шунингдек, Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтган М-37 халқаро магистраль йўли ёқасида вилоятда илк бор “Карвонсарой” лойиҳаси амалга оширилади. “Навоий теарс инвест” МЧЖ томонидан бошланган қиймати 4 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида ресторан, савдо дўконлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва электромобилларни қувватлаш шохобчалари, меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар қурилади. Автосалон, юк ва енгил машиналарга хизмат кўрсатувчи автосервис ва автотураргоҳ, ўтовлар, кўл, болалар майдончаси, отхона ва туяхоналар барпо этилади.
Ҳозирда 100 ўринга мўлжалланган “Zarafshon managed By Dedeman” меҳмонхонаси йилига 20 минг нафарга яқин сайёҳга хизмат кўрсатади. Бу ерда араб давлатлари, Туркия, Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатлари, шунингдек, Россия ҳамда МДҲ давлатларидан доимий меҳмонлар келиб дам олади.
Таҳлилларга қараганда, 2017 йилда сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунлари ўртача бир кунни ташкил этган бўлса, охирги етти йил мобайнида яратилган имконият ҳамда шароитлардан фойдаланган ҳолда туристларнинг вилоятда қолиш кунлари 3 кун ва ундан ортиқ кунларга узайтирилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари