Навоийда қурувчилар шарафланди
Ҳар йили юртимизда август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий шаҳридаги “Тинчлик” базмлар масканида байрам тадбири ташкил этилди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирди.
Соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида аҳоли пунктларини қуришга комплекс ёндашув, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, спорт масканлари бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида вилоятда қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 4,2 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 127,8 фоизга ўсди. Вилоятда фаолият юритаётган 1390 та пудрат ташкилотидан 830 тасининг молиявий ҳолати яхшиланиб, рейтингга киритилди. Шунингдек, марказлаштирилган дастурлар доирасида барча манбалар ҳисобидан 161 та объектда 609 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Вилоятда жами 4000 хонадонли 58 та уй-жой қурилиши кўзда тутилган бўлиб, “Янги Ўзбекистон” массивларида жами 830 хонадонли 17 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиши белгиланган 3 170 хонадонли 41 та уй-жойнинг бугунги кунга қадар 315 хонадонли 5 таси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ичимлик суви, электр энергияси ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам турли ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда бир қатор илғор қурувчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири