Навоийда “Биринчи қўнғироқ”
Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида биринчи қўнғироқ садолари остида янги ўқув йили бошланди.
Жорий йилда Навоий вилоятидаги 378 та умумтаълим мактабида ҳам “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади!” шиори остида “Билимлар куни” тадбирлари ўтказилиб, 1-синфга 19 минг 600 нафарга яқин ўқувчи қабул қилинди.

Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳридаги янгидан бунёд этилган 23-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.
Замонавий кўринишга эга, барча қулайликларни ўзида мужассам этган 660 ўринли умумий ўрта таълим мактаби Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 20 миллиард сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қуриб берилди.

5 та хорижий тил ва ахборот технологиялари чуқур ўргатиладиган мазкур мактабга 1450 нафар талабгор орасидан 45 нафар ўқитувчи танлов асосида ишга қабул қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокими мустақиллигимиз берган имкониятлар, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, ўқитувчилар учун яратиб берилаётган қулайликлар ҳақида тўхталиб, ўқувчиларга чуқур билим олишга, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб вояга етишиши йўлида муваффақиятлар тилади.

Вилоят бўйича турли давлат дастурлари доирасида 2023 йил ва 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида 32 та умумтаълим мактабида, жумладан, 5 тасида янги қурилиш, 26 тасида реконструкция ва 1 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур ишларга республика ва маҳаллий бюджетдан 229 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет” ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 85 та мактабга 5,8 миллиард сўмлик 387 дона электрон доска олиб берилди.

Мактаб ўқувчиларини спортга жалб қилиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,7 миллиард сўмга 12092 дона бирламчи спорт жиҳозлари, ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш тизими йўлга қўйилган 11 та мактабга 558,4 миллион 20 номдаги 200 дан ортиқ жиҳоз олиб берилди.
Шунингдек, 72 та мактабнинг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик синф хоналари 1,7 миллиард сўмлик бирламчи ҳарбий-таълим воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.

– Республикамизда битирувчилари 100 фоиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган жами 21 та мактабнинг 8 таси Навоий вилоятига тўғри келмоқда, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова. – Мактабларимизнинг 21 тасида битирувчиларнинг ОТМларга ўқишга кириши 80 фоиздан юқори натижани кўрсатди. Вилоятимиздаги 1833 нафар чет тили фани ўқитувчисининг 1578 нафари миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу кўрсаткич 87 фоизга етказилди.

Ўтган давр мобайнида умумтаълим мактабларини ўқув ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, мактаб кутубхоналарга 2023-2024 ўқув йилида 492,8 миллион сўмлик 75 минг дона турли йўналишлардаги адабиётлар олиб берилди. 2023 йилда мактабларда китоб фонди 933 минг 375 донани ташкил этиб, бир ўқувчига 5 донадан тўғри келган бўлса, 2024 йилда китоблар фонди 1 миллион донадан ошиб, бир ўқувчига ўртача 6 донадан тўғри келишига эришилди.
Вилоятдаги барча таълим муассасаларига қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири