“Навоийазот” АЖ 60 ёшда
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Навоийазот” АЖнинг 60 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Шонли сана муносабати билан сўзга чиққанлар кимёгарлар ва соҳа вакилларини муборакбод этди.
Таъкидланганидек, юртимиз кимё саноати драйвери ҳисобланган корхонада 25 дан зиёд асосий ва 20 дан ортиқ ёрдамчи цехлар фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда 80 турдан ортиқ кимёвий маҳсулот ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 414,3 миллион долларни ташкил этмоқда.
[gallery-20395]
– Жорий йилда давлат бюджетига 617 миллиард сўм тўлов амалга оширилиб, йиллик даромад 5,9 триллион сўм, экспорт ҳажми эса 103 миллион долларни ташкил этмоқда, – дейди жамият бошқаруви раиси Фаррух Самадов. – Қувонарлиси, корхона халқаро барқарор кредит рейтингини қўлга киритди. Бу эса янги лойиҳалар учун кенг имконият эшикларини очди. Энг муҳими, юртимиздаги кимёвий маҳсулотлар ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган “Навоийазот” АЖ деярли барча саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси эҳтиёжларини қоплайди.
Корхонанинг экспорт имкониятлари ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда экспорт ҳажми 55,5 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 69,3 миллион долларга етди. Айни пайтда аммиак селитраси, карбамид, ПВХ, суюқ хлор, аммоний хлориди сингари 20 га яқин маҳсулот экспорт қилинмоқда.
Тадбирда тизимда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга вилоят ҳокимлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Навоийазот” АЖнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари