Навоий вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси йўлида амалий натижаларга эришилмоқда
Аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув ва сунъий тўсиқларнинг олдини олиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони Навоий вилояти шуъбаси томонидан тизимли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорларнинг таклиф ва эътирозларини бевосита жойларда ўрганиш мақсадида тизимли учрашувлар ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида вилоятда 2000 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирокида 20 дан ортиқ очиқ мулоқот ва қабуллар ўтказилиб, 400 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг салмоқли қисми жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари “Очиқ мулоқот” ахборот портали ва “Тадбиркор виртуал офиси” тизими орқали назоратга олинди.
Ноқонуний текширув ва асоссиз аралашувлар олди олиниб, ноқонуний қарорлар ва асоссиз молиявий юкламалар бекор қилинмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган таҳлиллар натижасида 40 дан ортиқ тадбиркорлик субъектида рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний текширувлар ўтказилгани аниқланди. Кўрилган тезкор чоралар билан 14 та субъектга қўлланилган 200 миллион сўмдан ортиқ ноқонуний жарималар бекор қилинди, 19 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафари эса лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, хўжалик ташкилотлари томонидан асоссиз ҳисобланган бир миллиард сўмдан ортиқ нореал қарздорликлар бекор қилинди. Давлат ташкилоти ва муассасаларининг тадбиркорлар олдида 5 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликлари қоплаб берилиши таъминланиб, тадбиркорларнинг мулкий манфаатлари ҳимоя қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан жорий йилда қўлланилган жами 13 та асоссиз қарорлари Вакил девони томонидан киритилган хулоса ва тақдимномалар натижасида бекор қилиниши таъминланган.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган давлат органлари ва ташкилотларининг 1062 та масъул ходимлари билим ва малакасини ошириш учун 21 та ўқув-семинари ўтказилди.
Бизнес-омбудсман томонидан 10 га яқин фермер хўжаликларига 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилиши, тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ масалаларига тезкор ечим топилиб, бевосита аралашувлар билан Навоий шаҳридаги 130 дан ортиқ тадбиркорга, Хатирчи туманидаги 500 дан ортиқ иш ўрнига эга текстиль корхонасига, шунингдек, Қизилтепа туманидаги тадбиркорни электр энергиясидан асоссиз узиб қўйган мансабдор шахсга нисбатан БҲМнинг 40 баравари миқдорида маъмурий жаримага қўлланилди.
Ўрганишлар натижасида 4 та фермер хўжаликларининг ер майдонларини захирага олиш бўйича даъво талаблари рад этилди.
Ноҳақ банкрот деб топилиб, банк ҳисоблари ёпилган хатирчилик фермернинг мақоми қайта тикланиб, 19 тонна пахта ҳосили нобуд бўлишининг олди олинди.
Шу билан бирга, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 10 га яқин тадбиркорнинг лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги даъво талаблари рад этилиб, иқтисодий суд ҳал қилув қарорлари асосида қарздор давлат идораларидан хизмат кўрсатган тадбиркорлар фойдасига 200 миллион сўмдан ортиқ қарздорликлар ундириб берилди.
“Навоий вилояти тажрибаси” асосида “Agro-subsidiya” ахборот тизимидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, Вакил томонидан киритилган хулосалар асосида 2025 йилда ижобий хулосага эга 900 дан ортиқ аризалар бўйича 700 дан ортиқ тадбиркорга тўланмасдан қолган субсидия маблағлари, шунингдек, республика бўйича 12 мингдан ортиқ аграр соҳа вакилларига 46,2 миллиард сўмлик электр энергияси субсидияси тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман хулосасига асосан “yerelektron” ва “e-auksion” тизимлари ўртасида интеграция йўлга қўйилди, олис ва чўл ҳудудларидаги мингдан ортиқ ёшлар учун саноат зоналаридаги ер майдонларини “1 сўм” бошланғич нархда аукционга чиқариш ва юзлаб янги иш ўринларини яратиш имконияти амалда таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири