Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мисрнинг нуфузли “ElSewedy Wataniya” компанияси делегациясининг Навоий вилоятига ташрифи доирасида вилоят ҳокими Нормат Турсунов билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида ҳудудда қишлоқ хўжалиги ва ерларни ўзлаштириш йўналишида салмоқли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Ҳамкорлик доирасида мисрлик инвесторларга Навоий вилоятининг саноат зоналаридан махсус жойлар ажратиб бериш, ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш ва шу орқали янги иш ўринларини яратиб, маҳаллий аҳолини банд қилиш имкониятлари таклиф этилди.

Учрашувдан сўнг делегация вакиллари Конимех туманидаги Кенгсой ҳудудига бориб, 3,6 минг гектар яйлов ер майдонларини ўзлаштириш ва замонавий пивот усулида чорва озуқасини етиштириш лойиҳасининг бориши билан яқиндан танишдилар.
***
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармасида кундузги парвариш хизматини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш бўйича амалий семинар ўтказилди.

Семинарда кундузги парвариш хизматини ташкил этган тадбиркорлар ва мутахассисларга ташкилий жараёнлар, хизмат кўрсатиш жойига қўйиладиган талаблар ҳамда зарур ҳужжатларни шакллантириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Кундузги парвариш хизматини ташкил этиш бўйича амалий қўлланма”нинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.
Шунингдек, кундузги парвариш хизматида фойдаланиладиган биринчи тиббий ёрдам воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати, мебель, инвентарь ҳамда инклюзив шароитларни таъминлашга қўйиладиган талаблар, хизмат олувчилар учун зарур бўлган жиҳозлар ва хавфсиз муҳитни яратиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
***
Халқ депутатлари Томди тумани Кенгаши депутати Ж. Мирзагалиев томонидан туман Пенсия жамғармаси бўлимида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни талабларининг ижроси юзасидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ жараёнларнинг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолати ҳамда пенсия таъминоти соҳасида белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларнинг таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва таклифлар берилиб, қонун талабларининг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири