Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат университети Математика-информатика факультети томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 3-сонли талабалар турар жойида “Гулхан атрофида” маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда мазкур талабалар турар жойида 330 нафар қизлар истиқомат қилади.

Тадбир аввалида факультет декани Азамат Норбеков юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлар, хотин-қизлар ўртасида учрайдиган жиноятларнинг олдини олиш, зўравонликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.


Учрашувда факультет талабалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, турли хил кўнгилочар тадбирлар, танловлар ташкил этилди.
Фаол талабаларга эса китоблар совға қилинди.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан “Ижтимоий-гуманитар фанлар ва жисмоний тарбия” кафедраси томонидан “Энг яхши иншолар”, “Энг яхши мақолалар” танловлари ҳамда “Конституция билимдони” олимпиадаси ўтказилди.

Мазкур танловларда талабалар фаол иштирок этиб, Конституциямиз мазмун-моҳияти, тегишли нормаларнинг бугунги ҳаётимиздаги ўрни хусусида фикр-мулоҳазаларини ёзма ифодалаб берди.
Олимпиадада эса иштирокчиларга мавзу юзасидан 30 та тест тақдим этилди.

Бу каби тадбирлар талабаларнинг Конституциямизга оид билимини оширишга, уларнинг фуқаролик позициясини шакллантиришга ҳамда Бош Қонунимизнинг жамият ва давлат барқарорлиги ҳамда тараққиётидаги ўрни ҳақида кенгроқ фикр юритишга хизмат қилмоқда.
Танловларда юқори ўринларни эгаллаган талабалар муҳим сана олдидан тақдирланади.
***
Хатирчи тумани марказий поликлиникасида Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ходимлари томонидан туман аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда қон томир жарроҳи, ангионевролог, дуплекс текшируви мутахассислари томонидан 100 нафардан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Натижада фуқароларнинг 11 нафари туман миқёсида, 4 нафари вилоят ҳамда 1 нафари Республика шифохонасида даволаниши учун йўлланмалар берилиши белгилаб олинди.

Кўрик давомида мутахассислар томонидан фуқароларга соғлом турмуш тарзини ташкил этиш юзасидан тушунчалар берилди.
***
Кармана туманидаги Дўстлик маҳалласида туман ҳокимининг ўринбосари Наргис Шомиева ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.

Унда фуқаролар моддий ёрдам олиш, саломатлигини тиклаш, иш билан таъминлаш, уй-жойларни кадастр қилишда кўмаклашиш ва бошқа бир қатор масалаларда мурожаат этди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан жами 18 та мурожаат тингланиб, уларнинг 5 таси жойида ижобий ҳал этилди, 9 таси бўйича жойига чиқиб, ўрганган ҳолда ижобий томонга ҳал этиш борасида масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. 4 та мурожаат бўйича эса ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Сайёр қабулда 1-сектор ҳудудида содир этилган жиноятлар муҳокамаси ўтказилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири