Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
ЎзЛиДеП Навоий шаҳар Кенгаши таркибидаги энг йирик, мингдан зиёд партия аъзолари бўлган “НКМК” АЖга қарашли тиббий санитария бўлимида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотида “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Мазкур сиёсий ташкилот ўз атрофига нафақат тадбиркорларни, балки жамиятимиздаги барча соҳа вакилларини бирлаштириб, йирик сиёсий кучга айланиб улгурди. Партия халқимиз билан ҳамнафас бўлиб, унинг ишончини қозониб келаётганини яқинда бўлиб ўтган сайлов натижаларидан ҳам билса бўлади.

Партиянинг мамлакатимиздаги йирик сиёсий кучга айланишида бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс.


Тадбирда ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов муассасада фаолият юритаётган тиббиёт ходимларини байрам билан табриклаб, бир гуруҳ соҳа вакилларига эсдалик совғаларини топширди.
***
Навоий давлат университети ва Венгриянинг Дебрецен университети ўртасида 2+1 қўшма таълим дастури йўлга қўйилмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Навоий давлат университети ва Дебрецен университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унда ҳар иккала томон ўртасида таълим тизимини ривожлантириш, илмий-амалий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш каби муҳим вазифалар ўрин олган.
Дунёнинг топ-500 талик рейтингига кирувчи Дебрецен университети Венгриядаги энг қадимги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда университетда қарийб 28,5 минг талаба таҳсил олади. Уларнинг 6 минг нафари хориждан келган талабалардир.
Ҳамкорлик битимига асосан, Навоий давлат университети ва Венгриянинг Дебрецен университети масъуллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди. Учрашувда мактабгача таълим йўналиши талабаларни 2+1 қўшма таълим дастури асосида ўқитиш масаласи муҳокама этилди.
***
Навбаҳор туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказида Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув Кенгаши раиси Ҳасанбой Набиев иштирокида учрашув ташкил этилди.

Унда “Болалар ҳаракати” сардорлари сайловини намунали ташкил этиш борасида таклифлар билдирилди. Шунингдек, ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Учрашувда фаол болалар Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув Кенгаши раиси томонидан китоблар тўплами билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув Кенгаши раиси Кармана тумани Қаҳрамон маҳалласида истиқомат қилувчи Жавлонбек Эгамбердиев ҳолидан хабар олиб, эсдалик совғалари ва китоблар тўпламини совға қилди.
А.Бўриев, ЎзА