Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат педагогика институти Навбаҳор туманидаги “Сарбозор” МФЙ аҳолиси учун мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбири ва концерт дастури ташкил этди.
Тадбир доирасида маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг волейбол, шахмат, кураш турлари бўйича “Ректор кубоги” баҳслари ўтказилди ва ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Концерт дастурида хушовоз хонандалар, Навоий давлат педагогика институти мусиқий таълим кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ижро этилган дилтортар тароналар, куй-қўшиқларга тадбир иштирокчилари рақсларга тушишди.



***
Зарафшон шаҳрида истиқлолимизнинг 33 йиллик тўйига тўёна сифатида “Янги Ғиждувон” хусусий корхонасига қарашли “Орзулар шаҳри” маскани фойдаланишга топширилди.
Тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 8 нафар болажоннинг ҳатна, битта ёш оиланинг никоҳ тўйлари ўтказилди.
Тантанада шаҳар ҳокими Назирбек Раҳмонов, секторлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда тўйболалар ва ёш оиланинг яқинлари иштирок этди.
Тантана сабабчиларига зарбоф тўнлар кийдирилиб, совғалар топширилди.



***
Мустақиллимизнинг 33 йиллик байрами муносабати билан Нурота туманидаги “Истиқбол” МФЙда жойлашган “Кичик саноат зонаси”да “Premier textile” хусусий корхонаси томонидан лойиҳа қиймати 7 миллиард сўм бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги бўш иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
“Premier textile” хусусий корхонаси томонидан 2019-2023-йиллар давомида жами 16 миллион долларлик маҳсулотлар Россияга экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг ўзида корхона томонидан экспорт ҳажмини 10 миллион долларга етказиш режалаштирилган.



***
Навоий шаҳридаги Маърифат маҳалласида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг Қишлоқ хўжалиги факультети томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Маънавий-маърифий тадбир давомида турли интеллектуал ва кўнгилочар ўйинлар ўтказилди.

Якунда фаол иштирок этган маҳалла ёшлари факультет раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири