“Навоий” асари қайта чоп этилди
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига
Иккинчи жаҳон урушининг суронли йиллари. Ўзбекистон халқи фронт ортида ғалабага ҳисса қўшиш учун меҳнат қилаётган, кўчирилганларга ўз уйидан бошпана бериб, нонини баҳам кўраётган оғир дамлар...
Ана шундай чоғда ҳам, машаққат қанча залворли бўлмасин, суронли давр ўзбек адабиётига Навоий образини берди.
Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек истеъдодининг маҳсули ўлароқ яратилган “Навоий” романи тарихий-бадиий жанрнинг юксак намунаси бўлиб қолди. Ёзилганидан буён асар авлодларга маънавиятдан чексиз сабоқ бериб, эстетик завқ улашиб келаётир.
Ўтган йиллар давомида “Навоий” романи қайта-қайта чоп этилган. Ҳар бир нашри ўзича бир ҳодиса. Сўз мулкининг султони ҳақидаги бадиий санъат асари бу гал Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида “Ўзбекистон”нашриёти жамоаси бирдамлигида янги тўн кийди. Китоб муқовасида улуғ шоир яна бир мўйқалам устаси, рассом Абдулҳай Абдуллаев яратган портрет қиёфасида миллатга йироқдан умид билан, ишонч билан боқиб турибди.
Бугуннинг китобхонига асар сирларини очмоқчи. Миллат даҳосининг ҳаёти ва ижоди бадиий ифода этилган роман ўқувчисини кутмоқда. Ўйлаймизки, келажагимиз эгалари ота-оналари каби мазкур санъат намунасини мароқ билан мутолаа қиладилар. Сўз сеҳридан ҳайратланадилар, захираларини маънан бойитадилар.
Навоий бобомизга янада яқинлаштириши учун китоб саҳифалари ўша замон руҳига мос безалган.
ЎзА