Навоий асари Наманган театри саҳнасида
Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида Ҳайитмат Расул муаллифлигида Наманган вилояти мусиқали драма театрида янги спектакль саҳналаштирилди.
Алишер Навоий тасаввуридаги шоҳ зоҳиран бутун жаҳонга эгалик қилиб турган бўлса-да, ботинда фақирлик ихтиёр этган ва қўл остида бўлган мол-дунёга кўнгилдан муҳаббат қўймаган подшоҳдир. Шеърият мулкининг султони “Фақир кўйида гадолиғ чу эрур султонлиғ” дер экан, подшоҳларни мажозий ва ҳақиқийларга ажратади. Унингча, ҳақиқий подшоҳ ўз нафсига табдил бериб, нафс аждаҳосини жиловлаган кишидир.
Шу сабабдан ҳам Навоий шоҳга мурожаат қилиб, унинг ҳақиқий душмани ўз нафси экани ва, авваламбор, уни асир этиш лозимлигини айтади. Бироқ воқеалар ривожида Баҳром Навоий наздидаги фақирликдан узоқлашади. Таъкидлаш жоизки, ҳазрат Навоийнинг буюк мақсади ва маслаги орадан неча юз йиллар ўтса-да, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Ҳозирги тинч замонда мол-дунёси кўпаяётган инсонлар ҳам буюк алломанинг насиҳатларига ташна бўлмоғи керак.
[gallery-15205]
Томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлган мазкур спектакль, биринчи галда, саҳна декорацияси, актёрлар ижроси, асардаги чуқур фалсафани маҳорат билан очиб беришга интилиш орқали Наманган театри ижодий жамоаси учун катта ютуқ бўлди. Саҳналаштирувчи режиссёр Достон Ҳақбердиев, шунингдек, Нуриддин Исмоилов, Раҳматилло Ғайбуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алижон Тожибоев, Муниса Жўраева, Орифжон Эргашев каби актёрларнинг юксак маҳорати театр санъати ихлосмандларида ёрқин таассурот қолдирди.
– Салкам уч ойлик тайёргарлик ишлари давомидаги машаққатларимиз гулдурос қарсаклар остида эсдан чиқиб кетди, – дейди театр директори Нозимжон Тошпўлатов. – “Сабъаи сайёр” асарида театримиз тарихида илк бор Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артистлари Шерали Жўраев ҳамда Абдуҳошим Исмоиловнинг ашулалари ва куйларидан фойдаландик. Классик қўшиқларни Шоҳжаҳон Жўраев жонли ижро этиб, спектакль руҳини янада кўтарди. Бундай асарлар халқимизни, айниқса, ёшларни мумтоз адабиётга ошуфта қилади. Қолаверса, томошабинларнинг театрга яна қайтишига туртки беради.
Янги асар премьерасида қатнашган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ижодкорлар билан мулоқотда давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 22 декабрида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқидан келиб чиққан ҳолда, янги спектаклни барча туманларда, меҳнат жамоаларида кенг оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари