Навбатдаги битирув тадбири ўтказилди (+видео)
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультетида “Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти” йўналиши бўйича таҳсил олган 147 нафар тингловчининг битирув тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Институт раҳбарияти, факультет профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ҳамда тингловчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ички ишлар органлари ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш, уларни хизмат вазифаларини юқори даражада бажаришга тайёрлаш, айниқса, мураккаб ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳамда тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув жараёни давомида тингловчилар “Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти” йўналиши бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, махсус-тактик ҳаракатлар, мураккаб вазиятларда ҳаракатланиш ва хизмат вазифаларини самарали бажаришга қаратилган амалий машғулотларда иштирок этдилар.
Битирув тадбирида сўзга чиққанлар тингловчиларнинг ўқув жараёнидаги иштироки ва эришган натижаларини эътироф этиб, уларга келгуси хизмат фаолиятида муваффақият тиладилар.
Тадбир якунида курсни муваффақиятли тамомлаган 147 нафар тингловчига “кичик сержант” махсус унвони ва дипломлар тантанали равишда топширилди.
Шу тариқа, навбатдаги ўқув курси ҳам тингловчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, амалий тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва хизмат вазифаларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
М.Турдалиева, У.Тўхтаев.ЎзА