Ўзбекистонлик шифокор самолётда бемор ҳаётини сақлаб қолди
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик шифокор Тошкентдан Сеулга учаётган самолёт бортида оғир шок ҳолатига тушиб қолган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу воқеа қаҳрамони — Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, Тошкент давлат тиббиёт университети изланувчиси ва айни пайтда Корея Республикасидаги Чунгбук университетига малака ошириш учун борган тажрибали оториноларинголог Ҳасан Комилов билан боғланди.
Маълум бўлишича, парвоз чоғида йўловчи аёлнинг аҳволи тўсатдан оғирлашган. Шунда экипаж зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокор чақирган. Ҳамюртимиз дарҳол беморга ёрдамга ошиққан. Аёл оғир шок ҳолатида бўлиб, танаси совиган ва кўкариш белгилари кузатилган.
Ҳасан Комилов ўзи билан олиб юрадиган шошилинч тиббий ёрдам воситалари, шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» экипажи тақдим этган кислород ниқоби ва тиббий жиҳозлар ёрдамида беморга зарур ёрдам кўрсатган. Натижада аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
– Бу, қаҳрамонлик эмас, балки шифокорлик бурчимиз ва ҳар кунги машаққатли меҳнатимизнинг бир қисми, – дейди шифокор.
М.Қосимова,
ЎзА