“Навбаҳор” ва “Аякс” клублари ҳамкорлик қилади
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида миллионлар ўйини ҳисобланган футболнинг оммавийлигини ошириш, бу борада зарур инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда берилган топшириққа мувофиқ, “Навбаҳор” профессионал клубига қарашли футбол мактабини уч йил муддатга Нидерландиянинг дунёга машҳур “Аякс” клуби футбол академияси бошқарувига бериш юзасидан муҳим келишувга эришилди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида Наманган вилояти спорт бошқармаси Европа Чемпионлар лигасининг уч карра ғолиби, УЕФА кубоги соҳиби – Амстердамнинг “Аякс” футбол клуби билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.
Ҳамкорлик меморандумига асосан, Европа футболи академиясининг тажрибали мураббийлари, скаут ва методистларидан иборат 11 нафар мутахассис Наманганга жалб этилди. Ушбу кадрлар вилоятдаги футбол инфратузилмаси ва ёшлар тайёрлаш тизими билан яқиндан танишади.
Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов юртимизга ташриф буюрган "Аякс" клуби мураббийларини қабул қилди.
Учрашувда "Навбаҳор" ва “Аякс” футбол клублари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Нидерландиядан келган мутахассислар — Раймонд Аттевелд ва Джоуи Краайбек иштирок этиб, Ўзбекистонда фаолият юритиш режалари ҳамда келгусидаги қўшма лойиҳалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Дадабоев бошчилигидаги делегация яқинда Нидерландияда хизмат сафарида бўлиб, Наманганда замонавий Евро-футбол мактабини ташкил этиш бўйича келишувга эришганди.
Эътироф этиш жоизки, ушбу ҳамкорлик Наманган футболининг халқаро тажриба асосида ривожланиши, ёш истеъдодларни кашф этиш ва профессионал футболчиларни тайёрлашда янги босқични бошлаб беради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА