“Навбаҳор” сафида терма жамоа ўйинчиси
Футбол бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан танаффусга чиққан мамлакат суперлигаси жамоалари 16-июлдан эътиборан мусобақаларга киришадилар.
Жумладан, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби Туркияда халқаро йиғин ўтказди. Назорат ўйинларида “Лочинлар” сафи бир қатор истеъдодли чарм тўп усталари билан янгиланди.
Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев фаолиятини ”Навбаҳор”да давом эттирадиган бўлди. 28 ёшли ўйинчи клуб раҳбарияти билан мавсум якунига қадар шартнома имзолади. Айни вақтда “Лочинлар”да Ўзбекистон миллий терма жамоасининг икки нафар аъзоси – дарвозабон Ўткир Юсупов ҳамда ҳужумчи Русланбек Жиянов тўп суради.
Марказий ҳимоя ва таянч яримҳимоясида ўйнай оладиган Абдулла Абдуллаев фаолияти давомида “Бунёдкор”, “ОКМК” ва “Пахтакор” жамоаларида тўп сурган. У наманганликлар таркибига қўшилгунича Бирлашган Араб Амирликларининг “Дибба” клубида фаолият юритган. У ўтган мавсумда араб жамоаси сафида тўққизта беллашувда ҳаракат қилган.
Қайд этиш жоиз, Абдулла Абдуллаев “жаҳон чемпионати - 2026” гуруҳ босқичида миллий терма жамоамиз таркибида Колумбия ва Португалия терма жамоаларига қарши кечган учрашувларда тўлиқ иштирок этган.
Шунингдек, “Навбаҳор” раҳбарияти бундан аввал жамоа сафида ўйнаган “Лочинлар” тарбияланувчиси иқтидорли ярим ҳимоячи Асадбек Раҳимжонов билан бир йиллик битимга эришди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.