Натижалар ва истиқболдаги режалар
Нукусда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлимининг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бошқарув аъзолари, фахрий журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Йиғилишда уюшманинг Қорақалпоғистон бўлими томонидан сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Бунда эришилган ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар қайд этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ижодий фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб–қувватлаш, жумладан, юбилей ёшини нишонлайдиган журналистларнинг ижодий кечаларини ташкил этиш, моддий ва маънавий рағбат ва кўмакка эҳтиёжи бор соҳа вакилларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, уларга ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловида, мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ва бошқа тадбирларда қорақалпоғистонлик ижод аҳли ҳам фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда кўп йиллик тажрибага эга фахрий журналистлар сўзга чиқиб, уюшма фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, журналистларнинг эркин ижод қилишлари учун янада кенг имкониятлар яратиш, соҳа вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Кун тартибида шунингдек, назорат – тафтиш комиссиясининг ҳисоботи, бўлим бошқаруви таркибини ҳамда назорат – тафтиш комиссияси раисини, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
– Ушбу йиғилиш шунчаки ҳисобот тадбири эмас, балки соҳа фидойиларининг дийдорлашуви ва келгусидаги устувор вазифаларнинг муҳокамаси майдонига айланди. Айниқса, таҳририятларни моддий қўллаб-қувватлаш, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий ижодкорларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда энг муҳими, сафимизга эндигина кириб келаётган интилувчан ёшларни рағбатлантириш борасидаги режалар ҳар бир ижодкорнинг қалбида эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади, – дейди Амударё тумани “Тараққиёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Ғуломжон Ешниёзов.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳратжон Орипов иштирок этиб, амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги муҳим вазифаларга тўхталди. Жумладан, мамлакатимизда бугунги кунда Президентимиз бошчилигида сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини алоҳида эътироф этди.
[gallery-28561]
Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.