Тахт ва тариқатни тенг тутган хон
XVI аср бошларида Турон ўта таҳликали ва мураккаб даврни бошдан кечирди. Мамлакат сарҳадларига жанубдан улкан ва шафқатсиз қўшин бостириб кирди. Давлатнинг мустақиллиги ва халқнинг келажаги қил устида қолган эди. Шайбонийлар парокандалик ёқасига келиб қолди. Шундай оғир паллада тарих саҳнасига навбатдаги қаҳрамон чиқди. Бу шахс Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон эди. У бундан 540 йил олдин – 1486 йилда Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Тирсак мавзесида туғилган. Ёш шаҳзода нафақат юртни ҳалокатдан қутқарди, балки уни юксалтирди ҳам.
Муҳаммад Шайбонийхоннинг фожиали ўлимидан сўнг воқеалар шиддатли тус олган эди. Сафавийлар ҳукмдори шоҳ Исмоил I аёвсиз ҳужумга ўтди. Дастлаб Убайдулла ва Муҳаммад Темур Султонлар ёв билан сулҳ тузишга уринди. Улар махсус элчилар алмашиб, юртни вайронагарчиликдан асраб қолмоқчи бўлишди. Бироқ душманнинг нияти қатъий эди, улар ярашувни асло истамади. Бу вақтда Убайдулла Султон Бухоро ҳокими сифатида душманга қарши қатъий кураш бошлади. 1511 йилги тўқнашувларда мағлубиятга учраган қўшин Туркистон шаҳрига чекинди. Убайдулла Султон билан бирга Кўчкунчихон, Суюнчхўжахон ва Жонибек Султон ҳам чекинишга мажбур бўлди. Бу чекиниш аслида кейинги ҳал қилувчи зарба учун пишиқ ҳарбий тадбир эди.
Тез орада қайта куч тўплаган қўшин ҳал қилувчи ҳужумга ўтди. 1512 йилнинг 28 апрель куни Кўли Малик мавзесида шиддатли жанг бўлди. Убайдулла Султон аскарлари душманни тор-мор келтириб, Бухоро ва Самарқандни озод қилди. Бироқ ёв тез орада Нажми Соний бошчилигидаги олтмиш минг кишилик қўшин билан қайтди. Қонли қамал натижасида Ғузор ва Қарши шаҳарлари душман қўлига ўтди. Сўнгра сафавийлар Ғиждувон қалъасини қамал қилишга киришди. Убайдулла ва Жонибек Султонлар Кармана ҳудудига чекиниб, кучларни бирлаштирди. Кўчкунчихон ва Темур Султон эса Миёнколда ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўрди. 1512 йил 24 ноябрдаги Ғиждувон жангида ёв бутунлай яксон қилинди.
Буюк ҳарбий зафарлардан сўнг Убайдулла Султон Хуросон томон юришларни давом эттирди. 1513 йил баҳорида Марв ва Хоразм шаҳарлари муваффақиятли озод қилинди. Узоқ давом этган тўқнашувлардан сўнг Машҳад ва Ҳирот яна давлат таркибига қайтарилди. 1533 йилда олий ҳокимият тепасига келгач, Убайдуллахон ўта муҳим сиёсий қарор қабул қилди. Давлат пойтахти Самарқанддан кўп асрлик бой ўтмишга эга Бухорога кўчирилди. Шу тариқа Бухоро хонлиги деган янги ва қудратли давлат пайдо бўлди. Пойтахтда мислсиз бунёдкорлик ишлари авж олиб, шаҳар қиёфаси ўзгарди. Зарафшон, яъни Кўҳак дарёси устида мустаҳкам Меҳтар Қосим кўприги қад ростлади. Шаҳарнинг қоқ юрагида муҳташам Мир Араб мадрасаси ва Мирак Сайд Ғиёс боғи барпо этилди.
Убайдуллахоннинг маънавий олами унинг ҳарбий истеъдодидан қолишмас эди. Унга ёшлигидан Мавлоно Муҳаммад Қози, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон ва Махдуми Аъзам каби улуғ алломалар сабоқ берди. Мавлоно Муҳаммад Азизон ва Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр унинг руҳий камолотига ҳисса қўшди. Айниқса, Бухорода Мир Араб номи билан танилган амир Абдулла Яманий унга ҳарбий санъатдан ҳам дарс берган. Хон ўз устозига мурид бўлиб тушди ва унга чинакам садоқат кўрсатди. Убайдуллахон яссавия ва нақшбандия тариқатларининг етук намояндасига айланиб, ҳатто муршид даражасига кўтарилди. Тахтда ўтирган ҳукмдорнинг шогирдлар тарбиялаши тарихимиздаги ҳайратланарли ҳолатлардан биридир.
Саркарда қалбида буюк сўз истеъдоди ҳам яширин эди. Убайдуллахон ўзбек, форс ва араб тилларида етук шеърлар битган шоирдир. У “Убайдий”, “Қул Убайдий” ва “Убайдуллоҳ” тахаллуслари билан бебаҳо адабий хазина яратди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан сўнг ўзбек рубоийчилигини айнан у юксакликка кўтарди. Адибнинг ўзбек тилидаги девони уч юз ўнта ғазал ва тўрт юз ўттизта рубоийни ўз ичига олади. Шунингдек, ўн битта туюқ, ўн саккизта маснавий ва еттита муаммо ҳам яратилган. Девондан ўрин олган “Омонатнома”, “Шавқнома”, “Ғайратнома” ва “Сабрнома” манзумалари ахлоқий-тарбиявий аҳамиятга эга. Аҳмад Яссавийнинг ҳикмат ёзиш анъанаси ҳам унинг ижодида гўзал давом эттирилиб, икки юз йигирмадан ортиқ ҳикмат ёзилган.
Форсий девонида эса бир юз олтмиш уч ғазал ва тўрт юз ўн саккиз рубоий мавжуд. Араб тилидаги мероси ҳам ўттиз бешга яқин гўзал ғазал ва теран қитъалардан иборатдир. Бу бебаҳо ва муҳташам куллиёт 1583 йилда Мир Ҳусайн Ҳусайний томонидан алоҳида китоб ҳолига келтирилган. Буюк саркарда 1540 йилнинг ўн еттинчи мартида Бухоро шаҳрида ёруғ оламни тарк этди. Унинг жасади машҳур Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги Шоҳлар дахмасига муносиб тарзда дафн қилинди. Унинг нодир қўлёзмалари бугунги кунда Тошкент, Истанбул ва Кўниё шаҳарларидаги кутубхоналарда сақланмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА