Байроқ остидаги севинч ёшлари
Мустақил юрт байроғини баланд кўтариш нафақат йирик жаҳон ареналарида, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг илк ғалабаларида ҳам ўзгача шукуҳ ва маъно касб этади.
Ҳар бир мустақил давлатнинг ўз рамзлари, муқаддас тимсоллари бўлади. Улар халқнинг шонли ўтмиши, бугунги тинч-осойишта ҳаёти ва келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этади.
Ёшлик даврларида давлат рамзларига шунчаки назар ташлаган эканман-ми, билмадим, ҳозирда бунга бўлган ифтихор туйғуси нақадар тотли бўлишини ҳис этяпман. Юртим байроғининг кўкларда мавжланиши кўнглимда улуғворлик, ғурур ва ифтихор ҳисларини уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги нишонланаётган шукуҳли кунларда 14 ёшли набирам Абдушукур спортнинг таэквондо ITF тури бўйича Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида тенгдошлари орасида энг юқори натижани қайд этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Бу ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Чемпионат давомида набирам уч марта татамига чиқиб, ҳар учта жангда ҳам рақибларидан устун келди. Унинг айтишича, ҳал қилувчи учинчи жанг анча мураккаб ва кескин вазиятларга бой бўлган. Набирам сўнгги сонияларгача бор маҳорати ва метин иродасини ишга солиб, баллар фарқи билан муносиб ғалабага эришди. Унинг бу матонатини эшитиб, қалбимиздаги ифтихор туйғуси янада ортди.
Албатта, бундай юксак натижада устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати, сабр-тоқати ва юксак маҳорати бор. Набирамга нафақат спорт сирларини ўргатган, балки унга тўғри йўл кўрсатиб, руҳан қўллаб-қувватлаган фидойи мураббий Ҳожаакбар Асомовга оиламиз номидан чексиз миннатдорлик билдираман.

Ғолибларимизнинг Самарқанд шаҳридан қайтишини оилавий кутиб олишга чиқдик. Ниҳоят, спортчилар ўтирган автобус кўринди. Автобус эшиклари очилиб, ёш чемпионлар қўлларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарганча бирин-кетин тушиб келишди. Ана шу манзарани кўрганимда, юрагим шу қадар энтикиб кетдики, кўзларимга беихтиёр севинч ёшлари келди.

Эндигина ўн тўрт ёшга тўлган ўсмирларнинг елкасида ҳилпираб турган муқаддас байроғимиз уларга гўёки қанот бағишлагандек эди. Набирамни бағримга босар эканман, унинг елкасидаги байроқнинг тафтини, ундаги ватанпарварлик руҳини бутун вужудим билан ҳис қилдим. Биз, катталар учун бу шунчаки спорт мусобақасидаги ютуқ эмас, балки келажак авлоднинг Ватанга бўлган муҳаббати, метин иродаси ва юрт шаънини ҳимоя қилишга тайёрлигининг исботи эди.
Набирамнинг ушбу муваффақияти унинг келажакда жаҳон ареналарида ҳам байроғимизни юксакларга кўтариши учун илк пойдевор бўлишига чин дилдан ишонаман.
Зоҳида Мирраҳимова,
Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Хонобод МФЙ.
ЎзА