National News Pakistan: Ўзбекистон Марказий Осиёда туризм бўйича етакчи
Покистоннинг "National News Pakistan" нашри Ўзбекистоннинг Марказий Осиё туризм бозоридаги ўрни ҳақида материал эълон қилди.
Нашр Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC) томонидан тайёрланган 2026 йилги Саёҳат ва туризмнинг иқтисодий таъсирини ўрганиш ҳисоботида келтирилган маълумотга таяниб, Марказий Осиё 2025 йил дунё бўйлаб туризм энг тез ривожланган минтақа бўлганини қайд этган.
Яъни, 2025 йил саёҳат ва туризм соҳасининг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига умумий ҳиссаси 17,7 фоиз, бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоиз ошган. Хорижий сайёҳлар харажати 9,9 миллиард долларга етган.
“National News Pakistan” мамлакатимиз минтақадаги асосий туризм йўналишига айланганини таъкидлаб, 2025 йил Марказий Осиёдаги туризм экспортининг қарийб ярми – 4,8 миллиард доллари республикамиз ҳиссасига тўғри келганига эътибор қаратган.
Бундай етакчилик мавқеи мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, минтақа аҳолиси учун жозибадор сайёҳлик йўналишига айлангани билан изоҳланади. Марказий Осиёда ягона туризм маконини шакллантириш ғояси ҳам улкан салоҳиятга эгалиги қайд этилади. Чегара тартибини соддалаштириш, ҳаво қатнови ва транспорт инфратузилмасини кенгайтириш, қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш ҳамда минтақани ягона туристик ҳудуд сифатида тарғиб қилиш халқаро сайёҳлар оқимини ошириши мумкинлиги таъкидланади.
WTTC хулосасига кўра, 2025 йил минтақамиз туризм харажатининг 64,3 фоизи хорижий сайёҳлар, 35,7 фоизи эса ички туризм ҳиссасига тўғри келган. Ташкилот 2036 йилга бориб соҳанинг Марказий Осиё иқтисодиётига умумий ҳиссаси 29,7 миллиард долларга етишини тахмин қилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА