Ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда.
“АзерТАЖ”: Ўзбекистон ва Озарбайжон — иттифоқчилик муносабатидан интеграция сари

Озарбайжоннинг АзерТАЖ ахборот агентлиги Тошкентда нашр этиладиган “Ватан” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журналида чоп этилган “Ўзбекистон ва Озарбайжон: иттифоқчилик муносабатларидан интеграция сари” сарлавҳали мақолани чоп этди.
Қайд этилишича, икки қардош давлат муносабати стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилиб, сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Ҳамкорлик энди нафақат ўзаро алоқа, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги интеграция жараёнининг муҳим таянчи сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Таъкидланишича, 2025 йил Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо айланмаси 795,2 миллион долларга етган. Бу 2016 йилга нисбатан 37,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 3,1 баробар кўп. Томонлар 2030 йилга қадар ўзаро савдо қийматини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Шунингдек, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши икки минтақа учун умумий макон шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланган. Бу жараён Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги интеграцияни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланган.
“Синьхуа”: Си Цзиньпин дипломатиясида цивилизациялар мулоқоти – Бухоро мисоли

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Си Цзиньпин дипломатиясидаги турли цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва ўзаро англашув масаласига бағишланган мақола эълон қилди.
Материалда Хитой раҳбарининг турли давлатларга ташрифи давомида маҳаллий маданият ва анъаналарга эътибор қаратиши мисоллар билан ёритилган. Жумладан, Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрига 2016 йилдаги ташрифи ҳам цивилизациялар ўртасидаги мулоқот намунаси сифатида тилга олинган.

Нашр Бухорони “Буюк Ипак йўли тирик ёдгорлиги” сифатида таърифлаб, Си Цзиньпиннинг шаҳардаги ҳунармандлик буюмларига жиддий қизиқиш билдирганини қайд этган.
“Синьхуа”га кўра, Бухорода ҳунарманд Анвар Қурбонов Си Цзиньпиннинг маҳаллий ҳунармандлик маҳсулотларини диққат билан кўздан кечирганини эслаб, унинг маданиятни тушуниши ва ҳурмат қилишига эътибор қаратган. Шундан сўнг Бухорога чинлик сайёҳлар оқими ортган.
Мақолада Хитойнинг турли цивилизациялар ўртасида ўзаро англашув ва ўзаро ўрганишни рағбатлантиришга йўналтирилган маданий ва сайёҳлик алмашинуви, археологик тадқиқот ҳамда мумтоз асарлар таржимаси каби ташаббуслари ҳақида ҳам сўз юритилган.
“Trend”: Ўзбекистон 2030 йилгача СИ бўйича дунёнинг илғор 50 давлати қаторига киришни мақсад қилган

Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги мақсад ва режалари ҳақида хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Ўзбекистон 2030 йилгача Глобал сунъий интеллектга тайёрлик индексида дунёнинг энг яхши 50 давлати қаторига кириш ва СИ асосидаги дастурий маҳсулот ҳамда хизмат қийматини 1,5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Қайд этилишича, ҳозир Ўзбекистон халқаро СИга тайёрлик рейтингида 62-ўринни эгаллаб турибди. Белгиланган мақсадга эришиш учун ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, қиймати 24 миллион долларлик кластерга қўшимча 70 миллион доллар ажратиш таклиф этилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон СИ ҳамкорлиги ташкилотидаги иштироки илғор технология, тил модели ва рақамли трансформация ечими жорий этишга қаратилган ташаббусларни илгари суришда фойдаланилиши таъкидланган.
Мақолада Ўзбекистоннинг мазкур платформа орқали хорижий технология компаниялари билан қўшма лойиҳа амалга ошириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш режаси борлиги қайд этилган.
“Anadolu”: Ўзбекистон Давлат тарихи музейи ЮНЕСКО мероси рамзий иншоотлари қаторида

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат тарихи музейида амалга оширилган кенг кўламли янгиланиш ишлари ҳақида мақола эълон қилди.
Нашр маълумотига кўра, 1876 йил ташкил этилган, юртимизнинг энг қадимий музейи ҳисобланган муассасада экспозиция майдони, ташриф буюрувчилар учун яратилган шароит ҳамда рақамли инфратузилма тўлиқ янгиланган.
Қарийб 250 000 экспонат сақланадиган мажмуада рақамли ҳикоя тизими, мультимедиа иловалари, интер фаол тажриба майдони ва замонавий экспозиция усулидан фойдаланилган. Мақолада ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитасининг 2026 йил 27 июлда Тошкентдаги модернистик меъморлик намуналарини Жаҳон мероси рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори ортидан Ўзбекистон Давлат тарихи музейи ҳам мазкур мерос ҳудудининг эътиборга молик иншоотларидан бири сифатида халқаро эътирофга эга бўлгани қайд этилган.
Музейни янгилаш лойиҳаси доирасида нафақат кўргазма заллари, балки ташриф буюрувчилар ҳаракатланиш йўналишлари, рақамли контент ва таълим майдонлари ҳам қайта ишланган. Тарихий экспонатларни рақамли технология билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилган, бироқ технология экспонатдан устун келишига йўл қўйилмаган.
Мажмуа раҳбари Жаннат Исмоилова ҳам рақамли технология ва интер фаол дастур музейни фақат экспонат намойиш этиладиган маскан эмас, балки маданият ва таълим марказига айлантирганини таъкидлаган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА