Насос станциялари фаолияти такомиллашмоқда
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфида 45 насос станцияси фаолият кўрсатмоқда. Улар ёрдамида 66 минг гектардан зиёд экин майдонлари сув билан таъминланади.
– Насос станцияларининг 24 таси суғориш, 21 таси ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун хизмат қилади, – дейди Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Давронжон Абдуллаев. – Суғориш насос станцияларининг 22 тасини 3-чорак якунига қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий ташаббускорлар бошқарувига ўтказиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йилда бошқарма тасарруфидаги 45 насос станциялари ва 693 дона тик қудуқларни ишлатиш учун жами 45,63 миллион киловатт соат электр энергия лимити ажратилган.

Соҳа фидойиларининг асосий вазифаси энергетика тежамкорлигига эришишдир. Улар жорий йил якунига қадар 10–12 фоиз электр энергияси тежашни режалаштирган. Шу мақсадда 5 дона электродвигатель, 3 дона насос қурилмаси, 4 дона қуёш батареяси ва 1 дона қуёш сув иситкич, бундан ташқари бошқарма биносига қуввати 20 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, насос станцияларининг 26 тасига сув сарфини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатиш учун 520 миллион сўм ажратилди. Бугунги кунгача 24 та насос агрегати ва 42 та суғориш тик қудуқлари таъмирланган бўлса, ирригация-мелиорация дастури доирасида 210 та, жумладан, Боёвут туманидаги 51 та, Гулистон туманидаги 29 та, Мирзаобод туманидаги 52 та, Сайхунобод туманидаги 33 та, Сирдарё туманидаги 44 та мелиоратив тик қудуқларни таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади. Бу мақсадлар учун 1 миллиард 224,8 миллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.


Шуҳрат Суяров, ЎзА.