Нарколаборатория борлиги маълум бўлди
Бухоро шаҳрида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган яширин нарколаборатория фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки нафар фуқаро қўлга олинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, улар интернет орқали фаолият юритган наркодўконда “омборчи” ва “кимёгар” вазифаларини бажарган. Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг хонадонида ташкил этилган яширин лабораториядан 6 килограмм 650 грамм “спайс” ҳамда гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва қадоқлашда фойдаланилган турли ашёлар ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбирлар давомида Когон туманидаги яширин жойлардан яна 4 килограмм 200 грамм “спайс” аниқланиб, мусодара қилинди. Шу тариқа, ноқонуний муомаладан жами 10 килограмм 850 грамм синтетик наркотик модда чиқарилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур ҳолат синтетик наркотикларни интернет орқали тарқатишга ихтисослашган жиноий тармоқларга қарши курашда тезкор-қидирув тадбирларининг аҳамиятини яна бир бор кўрсатмоқда. Энг муҳими, мусодара қилинган катта миқдордаги наркотик модданинг муомалага кириб кетишининг олди олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири