Бугун: газеталарни варақлаганда...
Бугунги Ўзбекистон газеталари Президент ташрифи, тил байрами, ислоҳотлар ва ижтимоий муаммоларни ёритди. Уларнинг саҳифаларида муҳим таҳлиллар ўрин олди.
“Янги Ўзбекистон” газетасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи тафсилотлари шарҳи берилган. “Қашқадарёда ислоҳотлар шиддати: ишонч, имконият ва натижа билан халқимиз қалбига кириб бормоқда” саҳифаси шу ҳақда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига, шунингдек, “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табриклари эълон қилинган. “Ҳимояланган ҳуқуқ, қадрланган вақт ва эркин рақобат”, “Миллий аҳамиятга молик масала”, “Ғоя қачон қийматга айланади?”, “Тил ва алифбо ўзликни англаш, дунёни идрок этиш ва мангуликка дахлдор мерос”, “Миллат белгиси, давлат суверенитети рамзи” каби мақолаларда юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, маърифат олами ва она тилимизга ҳурмат, янги давр нафасини ҳис қилиб турасиз. Ғайрат Мажиднинг “Она тилим” шеъри газетхон қалбига ҳамоҳанг жаранглайди:
Шукр, сен бор – мен борман, сўз деган анжуман бор,
Сенсиз миллат, Ватан йўқ, сен бор – миллат, Ватан бор –
Она тил...
“Халқ сўзи”да давлат раҳбарининг Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи тафсилотлари “Истиқболли лойиҳалар Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар марказига айлантирмоқда” номли катта саҳифада эълон қилинган.
“Давлат раҳбари хизмат сафарини вилоятнинг “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластерининг янги фабрикаси фаолияти билан танишишдан бошлади. Бу ерда мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилиб, қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилди”, деб ёзади газета.
Газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги, “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адаолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табриги эълон қилинган. “Ўзак томирларимиздан озиқланган буюк мерос” саҳифаси ўзбек тили байрами шодиёналарига бағишланган.
“Асосий байрам тадбири пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Иштирокчилар эрта тонгданоқ пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бўлиб, ўз ижоди ва фаолияти орқали тилимизнинг жозибасини, луғат бойлиги ҳамда имкониятларини бутун дунёга кўрсата билган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди”, деб ёзади мақола муаллифи. “Миллат маънавиятининг маёғи”, “Ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжат”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари эътибор марказида”, “Ишонч дипломатияси” каби мавзуларда берилган саҳифалар, мақолаларда амалга оширилаётган ишлар, инсон ва жамият, ўзбек тили ва такомиллаштирилган алифбо масалалари таҳлил қилинган.
“Ishonch” “Ўзгаришлар осон кечмайди” номли саҳифа билан бошланган. Унда Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартиришга оид қонунни имзолагани ҳақида сўз боради. Таниқли сиёсий шарҳловчи Жаҳонгир Наҳановнинг ”Мулоқотдан аниқ лойиҳалар сари” мақоласида “С5+1” – Марказий Осиё ва АҚШ муносабатлари чуқур таҳлил қилинган.
“Минтақа Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа йирик кучлар манфаатлари кесишган нуқтада жойлашган. Марказий Осиё давлатлари учун эса янги бозорларга чиқиш, инвестиция жалб этиш, муқобил транспорт йўлларини очиш ҳамда миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бирига айланган”, деб ёзади муаллиф. “Гаплар айтилди”, “Муштарийлар қандай фикрда?”, “Интернетга сотилаётган болалик”ни ўқиб...”, “Бор экансан-ку, Ўзбегим!” каби мақолаларнинг замирида ҳаёт, ҳаётга, унинг ўзаги бўлмиш она тилига бўлган муҳаббат сўнмаслигига даъват борлигини ҳис қилиб турасиз.
“Жамият” – бугунги кун муаммолари билан нафас олади. “Об-ҳаво кескин ўзгарганда нималарга эътибор бериш керак?”, “Пештоқдаги хато – халқ юзидаги доғ”, ”Парижда янграган Учинчи Ренессанс садоси”, “Бола фақат ҳимоя объекти эмас, у – ҳуқуқ субъекти!”, “Тушунарсиз қўшиқ ва тушунарли соғинч” каби мақолаларда олам ва одам, инсон қадри ва жамият ҳаёти акс этган. “Жарима виждондан устунми?” мақоласидаги мулоҳазалар даволаниши қийин бўлган эски ярани эслатади: “... қўлида қора полиэтилен халта кўтарган, башанг кийинган бир йигит кўринди. У атрофга олазарак боқар, қадамларини тезлатарди. Йўл устидаги замонавий кузатув камерасининг остидан ўтаётганда худди ҳеч гап бўлмаганидек, қўлидаги халтани орқасига яшириб, “маданиятли” фуқародек силлиққина ўтиб кетди. Чунки у билади: бу ерда ахлат ташласа эртагаёқ телефонига бир неча юз минг сўмлик жарима келади. Чўнтак куйишидан қўрқади”. Давомини газатадан ўқинг, қизиқ.
“ХХI ASR” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимиз олис аждодларимиздан бизга буюк мерос бўлиб келаёнган ўз тилимиздир. Биз “Ўз” деган эзгу ғояни тилга муносабатимизда ҳам ана шундай тушунамиз ва жорий этамиз. Айни шу ғоя ўзак томирларимиздан озиқланиб келган она тилимизга дунё билан эркин мулоқот қилиш, замонавий билимларни ўзлаштириш, халқимиз маданиятини юксалтиришда янги куч-қувват беради деб ишонамиз” деган сўзлари билан бошланади. Газетада Ўзбек тили байрами шукуҳини ҳис қилиб турасиз.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабекнинг “Ўзбек тили” шеъри ҳам фикримизга далил:
Кўксим ичра бир шарор ўзбек тили,
Этгай оламни баҳор ўзбек тили.
Сочгай очунга гўзол чечакларин,
Ёғса ҳам бошида қор, ўзбек тили.
Битта туркий тил дарахтин шохлари –
Турк, қозоқ, қирғиз, татар, ўзбек тили...
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев,
ЎзА