Нарко-курьер қўлга тушди
Халқаро курьерлик жўнатмалари орқали гиёҳвандлик моддаларини трансчегаравий тарзда олиб киришга қаратилган уринишларнинг олдини олиш мақсадида республикамиз божхона органлари томонидан доимий равишда тезкор профилактик ва назорат тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, яқинда “Тошкент-АЭРО” ИБК Контрабандага қарши курашиш шўъбаси ходимлари томонидан “Электрон тижорат” ТИФ божхона пости ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда халқаро Курьерлик жўнатмаси орқали гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда олиб киришга уриниш фош этилди ва бартараф қилинди.
Маълум бўлишича, Таиланддан юборилган жўнатмалардан бирида ҳужжатларга кўра қуруқ мева ва ширинликлар бўлиши лозим эди. Бироқ, божхона назорати жараёнида жўнатма таркибидаги қадоқланган ёнғоқлар ходимларнинг шубҳасини уйғотди. Чунки оддий ёнғоқлар мамлакатимизда ҳам етарли бўлиб, уларни бундай шаклда хориждан юбориш мантиқан асосланмаган ҳолат сифатида баҳоланди.
Шубҳалар натижасида ўтказилган чуқур текширув давомида ёнғоқларнинг айримлари ичига гиёҳвандлик моддалари моҳирона яширилгани аниқланди.
Пойтахтимиз Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу жўнатмани қабул қилиб олиш учун келган 43 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинди.
Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг суд-экспертиза хулосасига кўра, 120 дона ёнғоқ ичига яширилган модда умумий оғирлиги 285,4 граммни ташкил этувчи “марихуана” гиёҳвандлик воситаси экани тасдиқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент-АЭРО” ИБКнинг Суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, иш тегишли тергов органларига юборилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА