Наманганликларнинг шукроналик ифодаси
Жонажон диёримизда муборак Қурбон ҳайити зўр шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида нишонламоқда. Хусусан, эрта саҳарда Наманган вилоятидаги 188 та масжидда ҳайит намозлари хурсандчиликда адо этилди. Эътиборлиси, байрам арафасида вилоятда янгитдан қурилиб фойдаланишга топширилган 2 та намозгоҳ – Уйчи туманидаги “Девонабеги” ва “Ҳизр” жоме масжидларида юксак кўтаринкилик ва кўзларда қувонч билан тоат ибодат ўқилди.
Чортоқ тумани марказидан 50 километр олисда жойлашган Балиқкўл маҳалласида диний маросим байрамона руҳда ўтди. Бу муаззам гўшада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизнинг бой, қадимий диний-маънавий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Ўз даврининг етук алломаси, тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси Султон Увайс Қараний номи билан аталадиган ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Ушбу зиёратгоҳ бугунги кунда нафақат Ўзбекистонимиз, балки, яқин қўшни ва хорижий давлатлардан келаётган меҳмонлар учун қутлуғ туризм масканига айланди.

“Султон Увайс Қараний” жоме масжидига тоат-ибодатга ошиққан 1 минг 500га яқин мўмин-мусулмонлар юртимизда улуғ алломаларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини тарғиб этиш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги таъминланаётганлигини дилдан ҳис қилишди.
Наманган шаҳрининг Янги йўл маҳалласидаги “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжидига субҳидам ошиққан тўрт мингга яқин ватандошларимиз юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги бардавом, деҳқончиликлар баракали бўлишини тилаб, дуога қўл очишди. Дарвоқе, бундан 143 йил аввал қурилган ушбу масжиднинг эскирган биноси ўрнида 3,5 минг кишига мўлжалланган янги уч қаватли хонақох қурилди.

– Шундай дориломон кунларга етказганига минг шукр, бир вақтлар Ҳайит кунларини байрам қилиш ҳақида ўйлаш тугул, ҳатто масжидларга ҳам хотиржам боролмасдик, –дейди меҳнат фахрийси Қобилжон Исоқов. – Юртбошимизнинг алоҳида фармон ва қарорлари билан ҳайит кунлари алоҳида байрам ва қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди. Президентимизнинг халқимизга йўллаган Қурбон ҳайити табриги барчамизга мамнуният бағишлади. Айни кунларда вилоятимиздан 1 минг 600 дан ортиқ ҳамюртларимиз Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ҳаж зиёратининг асосий амалларини бажариб, дуои қурбонликлар қилмоқда. Ҳаж квоталарининг йил сайин ошаётганлиги муқаддас сафар илинжидаги қанчадан қанча инсонларнинг орзусини ушалишига катта туртки беради. Айтиш керакки, 1991 йилга қадар шаҳримизда атиги учта масжид фаолият юритган бўлса, мустақиллик шарофати билан, айниқса, сўнгги йилларда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ҳозирга келиб масжидларимиз сони 190 дан ошди.
Қурбон ҳайити саховат ва меҳру оқибат айёми сифатида ҳам юксак қадрланади. Ҳокимликлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари, имом хатиблар, қўли очиқ тадбиркорлар ташаббуси билан эрта тонгдан эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор ва уйида ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват кўрсатилмоқда.
Дарҳақиқат, халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА