Наманганлик сенатор сайловчилар ҳузурида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов Наманган вилоятида хизмат сафари давомида яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ҳудудларда учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, Уйчи тумани Қизилравот қишлоғидаги 3-сонли политехникумда туман фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчилар ва талабалар иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, олий ва профессионал касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари хусусида сўз юритилди.
Муқаддам спорт йўналишда фаолият юритган политехникум вилоятда ўз нуфузига эга бўлган касб-ҳунар таълими даргоҳларидан биридир. Қайд этилганидек, ушбу ўқув масканида сўнгги 14 йил ичида 8 минг 400дан зиёд битирувчи кадрлар тамомлаб, катта ҳаётда муносиб ўрин топди.
Сенатор учрашувда, таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш учун кенг имкониятлар яратиш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларига эътибор қаратди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг бу борадаги таклиф-ташаббуслари тингланиб, уларни жойида ҳал этиш механизмлари юзасидан амалий тавсиялар берилди.
[gallery-25277]
Шу жойнинг ўзида сайловчилар ва маҳаллалар фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди. Унда болалар таълим-тарбияси ва оилаларда ажримларнинг олдини олиш мавзусида китоб нашр қилиш, пенсия таъминотини такомиллаштириш, Мустақиллик маҳалласи кўчаларида юриш ва ўтиш йўлакларини барпо этиш, Янги Ҳаёт маҳалласида битта бинода фаолият юритаётган ҳам мактаб, ҳам боғчада ўқувчилар ва тарбияланувчилар учун ўрин қамровларини ошириш сингари ўндан зиёд мурожаатлар тингланди. Сенатор Одилжон Маматкаримов ҳар бир масалага жойида ечим топиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда чораларни кўриш бўйича ўз қарашларини билдирди.
Парламент юқори палатаси мутасаддиси Уйчи тумани Бирлашган қишлоғидаги 7-сонли умумтаълим мактабида туман фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчилар, ота-оналар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди.
Унда сенатор Одилжон Маматкаримов яқинда ўтказилган Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар, маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг ҳудудларда амалиётга жорий этилиш аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси хизмат сафари давомида халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши фаолиятини ҳам ўрганди. Эътироф этиш жоиз, Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши – Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га асосан республика бўйича “Намунали Кенгаш”га айлантирилмоқда.
Жараёнда Кенгаш иш самарадорлиги, депутатларнинг ҳудудий масалаларни ҳал этишдаги фаоллиги, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшилаётган ҳиссаси ҳамда қабул қилинаётган қарорларнинг ижроси кенг кўриб чиқилди.
Шунингдек, туман Кенгаши ишини самарали ташкил этиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, маҳаллий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда депутатларнинг масъулиятини ошириш борасидаги мавжуд тажрибалар ҳам таҳлил қилинди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Уйчи тумани ҳудудидан сайланган бир нафар сенатор, икки нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, беш нафар вилоят ҳамда 25 нафар туман Кенгашлари депутати фаолият юритмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ўрганишларини Уйчи туманидаги маҳаллаларда давом эттирди.
“Ҳуррият, Беруний ва Боғ маҳаллаларининг инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида мазкур ҳудудларда тунги ёритиш чироқлари, назорат камералари, чиқинди қутилари ва кўчма светофор ўрнатиш ишлари билан танишилди.
Юқоридаги учта маҳалла фуқаролар йиғини томонидан қўйилган грант лойиҳаси парламент комиссияси томонидан ғолиб, деб топилди. Мазкур грант маблағлари доирасида, 30,2 миллион сўмлик 131 дона ёритиш чироғи, 47,3 миллион сўмлик 32 дона чиқинди қутиси ўрнатилган. Шунингдек, қиймати 36 миллион сўмга тенг 30 дона кузатув камераси олинди. Боғ маҳалласининг “Савдогар” ва “Уфқ” кўчаларига 11 дона ёритиш чироғи ўрнатилди. Қувонарлиси шундаки, бундай ижобий ўзгаришлардан аҳоли беҳад хурсанд.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.