Наманганда заргарлик корхонаси иш бошлади
Наманган шаҳрида ўзбек миллий брендини дунёга танитишни мақсад қилган “Gavhar Jewel Group” корхонаси иш бошлади.
Қимматбаҳо металлар ва тошларни харид қилиш, қайта ишлаш ва бошқа барча заргарлик фаолият тури билан шуғулланувчи ушбу корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Маҳсулот сифатли ва харидоргир бўлиши учун Италия, Германия ва Туркия давлатларидан корхонага дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнига ушбу давлатлардан юқори малакали мутахассислар ҳам жалб этилди. Хориждан келган мутахассислар корхона ходимларининг классификациясини оширишда катта ёрдам беради.
[gallery-3897]
Мазкур корхона фаолият бошлаши натижасида 40 дан зиёд аҳоли иш билан таъминланди ҳамда 150 дан зиёд маҳаллий заргарлар билан кооперация асосида ишлаш йўлга қўйилди. 2022 йилдан бу ерда тайёрланган маҳсулотларнинг 20 фоизини чет элга экспорт қилиш режалаштирилган.
Корхонанинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА